Буюк Британия ҳукумати 2019 йилнинг охирига қадар дунёнинг барча мамлакатлари олимлари учун виза олиш режимини соддалаштиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Буюк Британия бош вазири Борис Жонсонга таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Британия ҳукумати раҳбарининг сўзларига кўра, виза олиш режимининг соддалаштирилиши мамлакатнинг «илмий супер мамлакат» мақомини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мазкур янгилик сабаб мамлакатга кўпроқ тадқиқотчилар ва илмий мутахассислар, технология соҳасидаги муҳандислар келиши кутилмоқда.

Жонсон Британия ўзининг инновация ва ихтирочилик тарихи билан ғурурланишини таъкидлаб ўтди.

«Бу борада етакчиликни сақлаб қолишимиз учун, нафақат ўзимизда бор иқтидорларни қўллаб-қувватлашимиз, балки иммиграцион тизимимиз дунёнинг энг ақлли инсонларини юртимизга жалб қилишига бор куч-ғайратимизни сарфлашимиз керак», — дейди Жонсон.