«Дарё» ўтаётган ҳафтада дунё матбуотида кенг ёритилган, кўпчиликнинг қизиқишига сабаб бўлган мақолалар шарҳига тўхталиб ўтади.

Хитой ривожланишининг амалий сабаблари

Кейинги ўн йилликларда Хитойнинг иқтисодий ўсиши ҳайратга солмоқда, деб ёзади Project Syndicate нашри. Аммо негадир кўпинча Хитой ривожланишининг сабаблари нотўғри талқин қилинган ёки тушунилган.

Фото: Google Photos

Хитойнинг ўсиши энг аввало мамлакат кўламига боғлиқ бўлиб, ҳукумат шундан келиб чиққан ҳолда улкан активларга эга бўлишга уринган ва кенг миқёсда саноат сиёсатига аралашишга ва тахминий хавфларнинг олдини олиш имкониятига эга бўлган. Шунга кўра, Хитой бугунги муваффақиятига бутун иқтисодиётни назорат остига олиш эвазига эришди, деб айтишади.

Бу тушунча эса моҳиятан нотўғри. Аслида Хитой иқтисодиёт борасида комплекс сиёсат юритишдан шундай муваффақиятга эришди. Хитой раҳбарлари Ғарбда бўлгани каби демократик сайловларга боғлиқ бўлмагани, узоқ муддатли режалаштириш (беш йиллик режа каби) ва ривожлантириш ишлари билан шуғулланиш учун етарли вақтга эга.

Қолаверса, кўп ривожланаётган мамлакатлардан кўра Хитой қудрати белгиланган ишлар татбиқ этилиши билан боғлиқ бўлган устун жиҳатга эга. Кучли давлат ва у таянган сиёсий-ижтимоий барқарорлик Хитой таълимда, соғлиқни сақлашда, инфраструктурада, тадқиқот ва ишланмалар соҳаларида тез ривожланишини таъминлади.

Шу билан бирга, Хитой узоқ муддатли режалаштиришни ва янгиликларни татбиқ этишни давлат капитализмини мустаҳкамлаш учун эмас, тузилмавий ислоҳотлар ва иқтисодий либераллашувни мустаҳкамлаш учун ишлатди. Айнан шу стратегия Хитой иқтисодиётини мустаҳкамлаш учун асос бўлиб хизмат қилди.

Қизиқ жиҳати, айни шу стратегия ривожланган давлатлардан келиб чиққан. Кейинги 40 йил мобайнидаги АҚШ билан сиёсатдаги дипломатик нормаллашув америкача капитализмнинг Хитойда мустаҳкамланишига олиб келди. Барқарорликка урғу бераётган бўлса-да, Хитой корпоратив, молиявий ва макроиқтисодий бошқарув тизимларига ҳам рағбат бериб келмоқда, бу соҳада эришилган энг сўнгги янгиликларни ўзида қўлламоқда.

Бу эса Хитойда иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишнинг хитойча услуби яратилишига олиб келди ва уни ноёб ҳодиса сифатида юзага чиқарди. Сабаби, шу услуб маҳаллий тажрибаларни татбиқ қилишга, рақобат ўсишига ва инновацион ғоялар кўпайишига олиб келди. Натижада ўзига хос иқтисодий қудратли давлат ва федерал солиқ тизими вужудга келди. Хитой эришган ютуқларга боқиб, бу ютуқларни инкор қилиб бўлмайди.

Кейинги ўн йилликда Хитойда улкан компаниялар пайдо бўлди ва улар дунё бозорида мустаҳкам мавқега эга бўлиб бормоқда. 2019 йили эълон қилинган улкан компаниялар рўйхати қаторидан АҚШнинг 121 компанияси билан биргаликда Хитойнинг 129 компанияси ҳам ўрин олди.

Рўйхатда Хитойнинг Alibaba, «JD.com», Tencent, оммавий дастурлар яратувчи WeChat, технологик гигант Huawei (ўтган йили, АҚШ компанияга қарши сиёсат олиб боришига қарамасдан, 11-ўринга кўтарилиб олишга эришди), Xiaomi каби смартфон ишлаб чиқарувчи ёш компаниялар ҳам бор.

Бу компаниялар муваффақият қозонишига иқтисодиёт либераллашуви ва инновацион технологиялар давлат томонидан қўллаб-қувватлангани сабабдир.

Бу Хитой раҳбарлари ўзларининг охирига етмай қолган сиёсатларини ўйламаса ҳам бўлаверади дегани эмас. 30 йиллик тезкор иқтисодий ўсиш давридан кейин Хитойда ЯИМ пасайиши муқаррар эди. Шунинг учун Хитой даромад пасайиши ва молиялаштириш қийматининг ошиши каби омилларга бефарқ бўлмади. Инновация ва ривожланишни рағбатлантириб келмоқда.

Хитой узоқ ривожланиш йўлини босиб ўтди ва бир хитойча мақолда айтилганидек, «юз милялик йўлнинг 90 миляси босиб ўтилиши ҳали масофанинг ярмига етилганидир» деган фикрга амал қилмоқда.

Ироқлик христианларнинг қўрқувлари ва умидлари

Ажабланиш, қўрқув, хавотир — Ироқ шимолидаги язидларнинг беш йил аввал ИШИД босиб олган пайтидаги туйғуларини тасвирлаб бўлмайди, деб ёзади Le Figaro нашри. Мақолада Ироқда истиқомат қилаётган язидларнинг армони ва келажакдан кутаётганлари ҳақида фикр юритилади.

Фото: AP

2014 йилнинг 3 август санасида Ироқ тарихидаги энг узун кунлардан бири бошланди. Ироқни «кофир»лардан тозалаш учун жиҳодчилар дастлаб язидлар яшайдиган Синжор вилоятини босиб олди. Минглаб язид эркаклар ўлдирилди, аёлларни қул қилишди, болаларни эса бўлажак «ислом шерлари»ни тарбиялаш учун қайта тарбиялай бошладилар.

Ҳақиқий геноцид ИШИД жангариларининг 6 августга ўтар кечаси Найнаво текисликларига йўл олиши билан бошланди. Даҳшатли бир неча соат ичида 120 мингдан ортиқ язид ва христианлар ўз уйларини ташлаб қочишга мажбур бўлди. ИШИДга Ироқ шимолининг мўрт тинчлигини бузиш учун бор-ёғи тўрт соат керак бўлди.

Орадан беш йил ўтиб, Найнаво ва Синжор аҳолиси яраларини даволаш ва инсонлар ҳаётини одатий тусга йўналтириш бошланди. Ҳамон вайронада яшаётган синжорликлар уруш даҳшатларидан ўзига келолгани йўқ. ИШИД тарафидан ўғирланган аёллар ва болалар ҳали оиласи бағрига қайтгани йўқ ва уларнинг азоблари учун айбдорлар суд қилингани йўқ.

Ишончсизлик уруғи

Найнаво шарқидаги Беҳдид шаҳрига кутилганидан ортиқ — 25 минг аҳоли қайтиб келди. Беҳдид шаҳри қайта тикланмоқда, аммо аҳоли демографияси ўзгариб кетди. Масалан, Барталлига шиаларнинг оммавий қайтиши натижасида христианларнинг салмоғи камайиб кетди. Илгари асосан христианлар яшаган Мўсул шимолида ҳозир суннийлар кўпчиликни ташкил этмоқда. Христиан оилаларининг 40 нафаригина бу ерга қайтди. Мусулмонлар кўплигидан хавфсираган христианлар ўзларининг она шаҳрига қайтишни истамаяпти.

Жиҳодчилар Мўсулда бир-бирига ишонмаслик ва ҳадик уруғини сепди. ИШИДнинг мағлубияти зинҳор унинг мафкураси енгилганини англатмайди. Буғдой далалари ёқилишидан осмонга бурқиган қора тутунлар Нобель мукофоти совриндори Надия Мурод қишлоғигача ҳам етиб борди. Мазкур ёнғинлар натижасида суннийлар, шиалар, язидлар ва христианлар бир-бирини айбламоқда ва гумон қилмоқда. Бу воқеа эса қачонлардир муроса қилиб яшаган ҳудуд аҳолиси яна муроса йўлини танлаши учун узоқ вақт кераклигини кўрсатмоқда.

Умид уруғи

Қувонарли ҳолат шуки, жамоалар ўртасида келишиб иш тутиш учқунлари ҳам бўй кўрсатмоқда. Найнавода иқтисодий фаолият тикланиши жамоалар ўртасида кундалик ҳаётдаги алоқаларни тиклаш борасидаги муаммоларни енгиб ўтмоқда. Масалан, беҳдидлик товуқбоқар ҳам христианларни, ҳам мусулмонларни товуқ билан таъминламоқда. Хўжалик юксалмоқдами, демак, қачондир бу жамоалар ўртасидаги ишончсизлик ҳисси ҳам бартараф этилса ажабмас.

ОАВ ИШИД тор-мор келтирилди, муаммо ҳал бўлди, деб бу ҳудуддаги воқеаларни ёритмай қўйди. Аммо жамоалар ўртасидаги нозик масала, шаҳарларни тиклаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Шундагина ИШИД саҳифасини ёпиш мумкин бўлади.

Ирқчиларни танқид қилган Трамп

Бир қатор нашрлар, жумладан, BBC президент Дональд Трамп барчани ирқчиликни танқид қилишга чақирган нутқига эътибор қаратди. Президентнинг бу баёноти Эль-Пасо, Техас штати ва Дейтон, Огайо штатидаги хунрезликдан икки кун ўтиб янграган бўлса-да, Трамп нутқларига эҳтиёткорона муносабатда бўлиб қолганидан далолат.

Фото: Google Photos

Айрим сиёсий шарҳловчилар назарида АҚШнинг икки шаҳрида юз берган қотилликнинг бош айбдори аслида Трампдир. Сабаби, президент нутқларида оқ танли ирқ устунлиги ва барча жиноятчилар оқ танлилардан бошқа миллат вакиллари деган мавҳум иддаоларидан илҳомланган.

Душанба кунги чиқишида Дональд Трамп хунрезликка қарши курашда демократлар ва республикачилар уюшган ҳолда ҳаракат қилиши жоизлигини таъкидлаган ва ўқотар қурол назоратини янада кучайтиришга чақирган. Шунингдек, президент мазкур сиёсатни иммиграция сиёсатига доир қонунчилик  билан ҳамоҳанг тарзда олиб бориш кераклигини таъкидлаган ҳамда ОАВни нафрат ва оммавий қотилликларни тарғиб қилишда ҳам айблаган.

Президент Трамп Twitter’да нафрат ва ғазаб узоқ йиллар мобайнида тўпланиб келишига фейк хабарлар ҳам хизмат қилган деб ёзди.

Аслида Эль-Пасо ва Дейтондаги хунрезлик ортида Трампнинг «Америка америкаликлар учун», «Биз яна қайта кучли бўламиз» каби шиорлари ҳамда Мексика ва АҚШ чегарасида улкан маблағни талаб қилувчи сиёсати натижаси дейиш ҳам мумкин.

Яна бир жиҳати борки, сўнгги пайтларда АҚШ ҳукумати барча молиявий ресурсларни асосан 2001 йил сентябрь воқеаларидан кейин ислом терроризмига йўналтирди ва мамлакат ичкарисидаги ирқчилик кайфиятида бўлган гуруҳларни назорат қилишни сусайтирди.

АҚШ махсус хизматлари душманни четдан излади-ю, ичкаридаги хавфни назардан қочирди. Бу бепарволик натижаси ўлароқ бугун Эль-Пасо ва Дейтонда мотам куни.

Эль-Пасодаги ҳужум моҳиятан оқ ирқ миллатчилигининг кенгайишига йўл очиб берган амалдаги сиёсий элитанинг ўзига бориб тақалмоқда. Айнан шу маънода Эль-Пасодаги воқеалар ўтган йил октябрида Питтсбургдаги синагогада юз берган отишма ҳамда 2017 йилдаги Шарлотсвилдаги тартибсизликлар АҚШ жамиятида оқ иқрчилик ҳаракатининг кенг қулоч ёзаётганидан далолат.

Хуллас, мазкур хунрезликлар АҚШ сиёсий давраларини яна ислом терроризмидан-да хавфлироқ бўлган ички оқ ирқ терроризмига алоҳида эътибор қаратишга ундади ҳамда қурол-яроғ савдоси борасидаги сиёсий муҳокамаларга яна янги мазмун бахш этди. Республикачилар ва демократлар оқ ирқчилар террористик гуруҳлари борасида якдил бўлса, хавфнинг олдини олиш борасида нималар қилиниши мумкинлигини тахмин қилса бўлади.

Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.