Ўзбекистонда электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар, баҳслар тез-тез кўтарилиб туради. Айниқса ёзда ва қишда бундай баҳслар авжига чиқади: қишда иситувчи, ёзда эса, аксинча, совутувчи ускуналар ишлатилиши натижасида электр истеъмоли ортади, ўз навбатида, тармоқлар ортиб кетган юкламани кўтаришга қийналади, электр таъминотида узилишлар кузатилади.

Охирги пайтлар ўзбекистонлик фойдаланувчилар электр ҳисоблагичлар энергия сарфини нотўғри ҳисоблаётгани борасида шикоят қилмоқда. Хусусан, Facebook ижтимоий тармоғида шу мавзудаги муҳокамаларга бир неча бор дуч келдик. Бу масалада Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев фикр билдиришга ҳам улгурди. Биз бу масалага аниқлик киритиш мақсадида энергетика бўйича илмий тадқиқотчи Сарвар Қурбоновга мурожаат этдик.

Фото: «Meter.uz»

Ҳозир ўрнатилаётган янги ҳисоблагичлар — EX18 «Электрон ҳисоблагич» МЧЖ ва Holley Technology Ltd. биргаликдаги ишланма маҳсулоти ҳисобланиб, бу ҳисоблагичлар бир фазали тармоқларда турли тарифлар бўйича ҳисоблай олиши ва PLC алоқа модули орқали маълумотларни масофадан сўров орқали аниқлаши мумкин. Ушбу ҳисоблагич ГОСТ 30207 (MEK1036) давлат стандарти бўйича тайёрланади.

Техник тавсиф:

Аниқлик синфи: 1,0

Номинал кучланиш: 220 V

Нормал ишчи кучланиш: 176–242 V

Хатарли кучланиш: 154–264 V

Номинал токи: 10 А

Максимал токи: 60 А

Частота: 50 Hz

Сезгирлик даражаси: 0,004I ном

Тармоқдан истеъмол қуввати: 2 Вт ва 2,5 ВА

Ишчи ҳарорати: -25 С – +55 С

Ҳисоблагичнинг техник тавсифига қарасак, унинг таъсирланиш токи 0,004I, яъни бу турдаги ҳисоблагич кабеллардаги кичик исрофларни ва жуда кичкина ток тортувчи истеъмолчиларни ҳам сезиб, ҳисоблайди.

Ҳисоблагич ишида хатолик бор-йўқлигини аниқлаш учун истеъмолчилар йўқлигида тармоққа уланган ҳолда бир соат ҳисоблагич қўйилиб ҳисоблашини, сифатсиз электр энергияси вақтидаги хатоликни ҳамда аниқлик синфига кўра хатоликни ўлчаш керак.

Ҳисоблагич нормал, хатосиз ишлаши учун кучланиш 176 V дан паст бўлмаслиги керак. Бундан келиб чиқяптики, бу ёз кўп ҳолатларда истеъмолчилар совутиш тизимини ёқиши, қувватлар тўғри тақсимланмагани учун кучланиш 110 V га тушиб кетди. Электр таъминотида электрик бўлганим учун ўртача кучланиши 156—165 V бўлганини аниқладим. Бундан кўриниб турибдики, деярли барча ҳисоблагичлар давлат томонига ёки истеъмолчи томонига аниқ, яна таъкидлаб айтаман, аниқ хатолик билан ўлчаган. Буни интернетдаги баҳслардан ҳам кўришингиз мумкин. Ҳисоблагич техник таснифида нормал ишлаши учун кучланиш 176 V дан паст бўлмаслиги керак.

Яна бир нарса. Замонавий электр ҳисоблагичларни тўғри ўрнатиш жуда муҳим. Уларда электрон платалар борлиги учун уларнинг нормал ишлаши учун ерлаш керак (электр ускуналарини ерлаш деганда ускуна корпуси ерлагич билан боғланиши тушунилади; бундан мақсад фойдаланувчини ток уришидан сақлаш ҳамда ускунада ортиқча ток тўпланмасдан қаршилиги кичик бўлган ерлагичга ўтиб кетишини таъминлашдир — «Дарё»). Бизда монтаж жараёнида ерлашга катта аҳамият берилмайди. Кўп қаватли уйларда умуман ерлатилмайди. Ҳозирда янги қурилаётган уйларга ерлаштириш ишлари олиб бориляпти.

Лекин ҳисоблагич фаза ва ноль бегона жойга уланса, унда «ўғрилик» деган индикатор чироғи ёниб, аварияга тушиб қолиши керак. Демак, қандайдир маънода ўғриликларнинг ҳам олдини олса бўлади.

Бундан ташқари, актив ва реактив қувватлар баланси бузилганда тангенс бурчаклари ўзгаришида ҳам ҳисоблагич хато ўлчайди. Қувват бузилиши кузатилган, чунки барча совутиш тизимлари реактив истеъмолчилардир.

Яна юқоридаги техник тавсифга қайтамиз. Техник тавсиф бўйича ҳар бир ҳисоблагич аниқ текширувдан ўтгани ва хатоликлари қанча бўлгани кўрсатилиб, сертификат берилади. Текширув сертификат сифатли токда текширилгандаги характеристика натижаларини беради, сифатсиз токдаги эмас. Шундай экан, ҳисоблагичлар сифатсиз электр энергиямиз туфайли хато ўлчаётган бўлиши ҳам мумкин.

Электр энергиясини етказиб бериш ва истеъмол қилиш бўйича қонун-қоидаларимизда бундай ҳолатларда нима қилиш керакли кўрсатилган. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида юқоридаги муаммолар юзага келса, қандай йўл тутиш кўрсатиб берилган. Менга энг ёққани — EX18 ҳисоблагичини дастурласа бўлади, яъни сифатсиз электр энергияси юзага келганда бошқа тарифда ҳисоблашга ёки умуман ҳисобламасликка дастурлаб қўйиш мумкин. Бунга асос — юқоридаги қарорнинг 12-боби 143–144-бўлимлари:

Электр энергиясининг сифати учун электр энергияси тарифига чегирмалар (устамалар)

143. Агар истеъмолчининг электр энергияси сифати ёмонлашувидаги улуши электр таъминоти шартномасида белгиланган, йўл қўйилиши мумкин бўлган даражадан ошса, белгиланган қиймат тарифга устама ёки акс ҳолда — тарифга чегирма ҳисобланади.

144. Ҳар бир ЭСК бўйича чегирмалар (устамалар) миқдори кўриб чиқилаётган ЭСКнинг ҳисоб-китоб давридаги жами нисбий давомийлиги кўрсаткичларига (Т1 ва Т2) кўра, йўл қўйилиши мумкин бўлган нормал ва максимал қийматлар сифатида ҳисобланади. Т1 ва Т2 қийматлари ўлчаш вақти давомида аниқланади, ўлчаш вақтининг давомийлиги ҳар бир ЭСК бўйича шартномада белгиланади, лекин у бир иш суткасидан кам бўлмаслиги керак. Автоматлаштирилган ўлчаш воситалари мавжуд бўлганда Т1 ва Т2 қийматлари узлуксиз равишда ўлчаниши лозим. Ҳисоб-китоб қилинадиган вақт оралиғини мунтазам ўлчаш электр таъминоти шартномасида (лекин бир чоракда бир мартадан кам эмас) белгиланади.

Яъни 143–144-бўлимлар бўйича, бизга сифатсиз электр энергияси етказиб берувчи ташкилот сотаётган электр энергиясига чегирма бериши ёки уни ҳисобламаслиги керак.

Биз Европа давлатларидек яшашни хоҳлаб, электр энергияси нархларини кўтарар эканмиз, демак, чиқарган қарорларимиз бўйича иш кўриб, сифатли ва узлуксиз электр энергияси етказиб беришимиз, истеъмолчи қоидаларни бузса, жаримага тортишимиз керак, лекин айни пайтда етказиб берувчи ҳам етказилган зарар учун бадал тўлаши керак. Чунки сифатсиз электр энергияси туфайли ҳисоблагич нотўғри ҳисоблаши ускуналаримиз ишдан чиқиб, ўз характеристикасида ишламай, вазифасини бажара олмаслиги мумкин.

Ҳисоблагичлар мавзусига қайтсак. Ҳозирда аниқланган хато ўлчашига гумон бўлган ҳисоблагичлар давлатга қарашли бўлмаган ташкилотлар ёрдамида калибровка қилинишини (техник кўрсаткичлар мослиги ўлчаниб солиштирилиши — «Дарё») юзага келаётган саволларга жавоб деб биламан. Бунга ёрдам бера оладиган ташкилотлар – SKB МЧЖ ва «НП Эсан» МЧЖ. Бу корхоналарда ҳисоблагичларни эталон кўрсаткичлар билан калибровка қилиш имконини беради.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.