Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) 6 август куни Нур-Султон шаҳри аҳолиси хавфсизлик учун ўз қурилмаларига ўрнатиши лозим бўлган сертификатлар тести «муваффақиятли якунланганини» маълум қилди. МХҚ шахсий қурилмалардан файлларни ўчириб ташлаш бўйича қўлланмани эълон қилишга ваъда берди, деб хабар қилади Meduza.

Фото: Tengrinews

Қўмитанинг вакилларининг таъкидлашича, янги сертификатнинг тест синови натижасида «киберхавфларнинг олдини олиш бўйича янги тизим яратилган» ва «сертификатларни жорий этиш билан боғлиқ муаммоли масалалар ўрганилган». Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев тест учун МХҚга миннатдорчилик билдириб, «интернет фойдаланувчилари учун ноқулайликлар йўқ»лигини маълум қилди.

«Хавфсизлик сертификати келажакда кибер ва ахборот ҳужумлари каби миллий хавфсизлигимизга таҳдид туғдирувчи ҳолатлар юзага келганида, Қозоғистон аҳолисини олдиндан огоҳлантирган ҳолда қўлланилади», — дейилади МХҚ баёнотида.

Қозоғистон Кибер ҳужумлар таҳлили ва тергови марказининг маълум қилишича, сертификатнинг ўрнатилиши сабаб пойтахт аҳолисининг интернетга киришида муаммолар юзага келган ва улар бу ҳақда «юқорига шикоят қилган». Шундан сўнг МХҚ тест жараёни муваффақиятли якунланганини билдирган.

Қозоғистон пойтахтининг аҳолиси мазкур сертификатларни ўз қурилмаларига ўрнатиши бўйича 18 июль кечаси хабар олган. Алоқа операторлари сертификат ўрнатилмаса, фойдаланувчиларда интернетга киришда муаммолар юзага келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Экспертларнинг сўзларига кўра, ушбу файл орқали ҳукумат фойдаланувчиларнинг маълум бир контентга киришини тақиқлаши ёки уларни кузатиши мумкин.