Киев ноқулай об-ҳаво шароити сабаб Италиядан Россияга учаётган «Глобус» авиакомпаниясига тегишли самолётнинг Украина устидан учиб ўтишига рухсат берди, деб хабар қилади «ТАСС».

Фото: «ТАСС»

«Украэрорух»нинг Facebook’даги саҳифасига ёзилишича, Россиянинг «Глобус» авиакомпаниясига тегишли Boeing-738 ҳаво кемасининг учувчиларига «фаол бўронли вазият» сабаб Украина ҳаво маконида фойдаланишга рухсат берилган.

Рухсат Украина, Польша ва Беларусь узра булутли ҳаволар сабаб юзага келиши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳодисанинг олдини олиш мақсадида берилган. Самолёт Украина ҳаво маконида 26 дақиқа парвоз қилган.

«Украэрорух»дагиларнинг таъкидлашича, Украина давлат авиация хизматининг Парвоз хавфсизлиги кенгашининг 2015 йилнинг 2 декабрдаги қарори, шунингдек, Украина норматив-ҳуқуқий актларига кўра, Украина авиация ва ҳаво маконидан фойдаланиш соҳасида ICAO стандартларига бўйсунади.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилдан буён Россия авиакомпанияларига тегишли самолётлар Украина ҳудудини айланиб ўтаётган эди.