Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевга қарши 8 август куни расман айблов эълон қилинди. У ҳозирча фақат коррупцияда айбланмоқда. У 26 августга қадар ҳибсга олинган. «Asia-Plus» постсовет мамлакатлари раҳбарларидан яна кимларга қарши жиноий иш қўзғатилганини эслатиб ўтди.

Фото: «Asia-Plus»

Петр Порошенко

Украинанинг собиқ президенти Петр Порошенконга қарши 12 та жиноий иш қўзғатилган. Хусусан, мансаб мавқейини суиистеъмол қилиш, Керч бўғози воқеасида давлатга хоинлик, суд ҳокимиятини тортиб олиш ва «Прямой» телеканалини ноқонуний эгаллаб олиш билан боғлиқ жиноий ишлар қўзғатилган.

Шунингдек, Порошенко 2014 йилда Евромайдонда тинч фуқароларнинг ўлими иши юзасидан сўроқ қилинган. Порошенконинг ўзи «Европа иши» партиясининг съэздида иштирок этганда Украина халқи олдида жавобгарлигини ва та’қибдан қўрқмаслигини билдирган.

Виктор Янукович

Ундан ҳам аввалроқ Украина президенти Виктор Януковичга нисбатан ҳам жиноий иш очилган. У 2014 йилги давлат тўнтаришидан сўнг мамлакатни тарк этган. 2015 йилнинг февраль ойида эса Украина бош прокуратураси собиқ президентни сиртдан жиноий жавобгарликка тортиш ишини бошлагани ва собиқ президентни экстрадация қилишни сўраб Россияга мурожаат қилгани маълум бўлган.

Бош прокуратура Януковични жиноий уюшма тузишда гумонланишини маълум қилган. 2017 йилнинг июлида эса Киевнинг Оболон суди унга нисбатан давлатга хоинлик бўйича ишни кўриб чиқишни бошлаган ва 2019 йилнинг 24 январида унга нисбатан 13 йилга озодликдан маҳрум этиш тўғрисида сиртдан ҳукм чиқарган.

Янукович, шунингдек, Евромайдон пайтида тинч аҳолининг ўлдирилиши, катта миқдордаги молиявий маблағлар ўғирланишида ҳам айбланган.

Михаил Саакашвили

Грузия бош прокуратураси 2014 йилда Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвилига қарши бир қатор жиноий ишлар бўйича сиртдан айбловлар эълон қилган эди.

У давлатнинг 8,8 миллондан ортиқ грузин лариси (қарийб 3 миллион доллар) ўзлаштириш, 2007 йилнинг 7 ноябрида акцияларни тарқатиб юбориш ишида мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, парламент депутати Валерий Гелашвилини дўппослаш ва 2006 йилда Грузия Бирлашган банки ходимини ўлдиришда айбланган.

Грузиянинг янги президенти этиб Георгий Маргвелашвили сайланганидан сўнг Михаил Саакашвили 2013 йилнинг ноябрь ойида мамлакатни тарт этган ва шундан бери қайтмаган.

Кейинчалик у Украина президенти Петр Порошенконинг маслаҳатчиси этиб тайинланган ва Украина фуқаролигини олган. Михаил Саакашвили 2016 йилнинг ноябрига қадар Одесса вилояти губернатори лавозимини эгаллаб келган. Кейинчалик эса уни фуқароликдан маҳрум этиб, жиноий уюшмаларга ёрдам бериш ва уларнинг жиноий фаолиятини яширганликда айбланиб, жиноий иш қўзғатилган. Охир оқибат ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилгани ва давлат маблағларини талон-торож қилгани учун жазоланган.

Саакашвилига Украина фуқаролиги 2019 йилнинг майида қайтарилган, мамлакатда унга қарши очилган жиноий ишлар эса ҳозирда тўхтатилган.

Роберт Кочарян

Арманистонда ҳам ҳокимият алмашинуви собиқ раҳбарларга қарши жиноий иш очилишига олиб келган. Арманистоннинг собиқ президенти Роберт Кочарян биринчи марта 2018 йилнинг 28 июлида конституциявий тузумни ағдариш иши бўйича ҳибсга олинган. У 2008 йилдаги намойишларни шафқатсизларча бостиришда ва конституциявий тузумни ағдаришда айбланган.

Бироқ икки ҳафта ўтгач у озод қилинган. Апелляция суди биринчи инстанция судининг ҳукмини ва собиқ президентнинг қўлга олинишини ноқонуний деб топган. Унинг озод этилишига асос сифатида Конституцияда Роберт Кочаряннинг собиқ президент сифатида дахлсизлиги тўғрисида белгиланган қонун сабаб бўлган. Аммо 2018 йилнинг декарида апелляция суди уни қайта ҳибсга олиш ҳақида ҳукм чиқарган. Собиқ президент 2019 йилнинг май ойига қадар яна қамоқда бўлган.

Кочаряннинг ўзи эса унга қўйилган айбловларни тан олмаяпти ва буни сиёсий буюртма деб ҳисобламоқда. Натижада, Арманистоннинг Конституциявий суди 2019 йил 18 июлда баёнот билан чиқиб, инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди ва Европа Кенгашининг Венеция комиссиясидан маслаҳат сўраш ниятида эканлигини маълум қилди.