Фақат метислар учун ваҳимали бўлган ёмғир, бегонанинг сочидан бит териш, мувозанатсиз турмуш. Шимолий ва Жанубий Америка ҳиндуларининг Колумбгача бўлган замонларга оид шу ва шунга ўхшаш таржимаси йўқ сўзлари ҳақида «ПостНаука» мақоласи.

Фото: «ПостНаука»

Xibipíío

Пирахан тили;

Ареал: Бразилия шимоли-ғарби;

Маъноси: Пайдо бўлиш ёки йўқолиш, чегарадан чиқиш, йўқ бўлиб кетиш ёки туғилиш.

Амазон ўрмонларида яшовчи кичик қабиланинг тилида айнан битта сўз ўчмаган шамни ҳам, дарёнинг бурилиш жойида кўздан ғойиб бўлган каноэ қайиғини ҳам, дарахтлар устидан учиб ўтган самолётни ҳам, шунингдек, уларнинг тилини биладиган ягона бегона шахс — лингвист Дэн Эрветтнинг радиодан янграётган товушини ҳам ифодалайди. Пираханлар учун тушунчалар чегарасидан нарида ҳеч қандай борлиқ мавжуд эмас.

Mistimanchachi

Жанубий кечуа тили;

Ареал: Перу жануби, Боливия, Аргентина шимоли-ғарби;

Маъноси: Енгли ёмғир. Сўзма-сўз айтганда, «метисларни ваҳимага солувчи ёмғир».

Аввалдан метислар деб оқ танлилар билан аралаш никоҳдан туғилган болалар назарда тутилган бўлса-да, умумийроқ маънода бу сўз билан ҳар қандай бегона, ўзга юртдан келган одам ҳамда шаҳарликлар айтилади. Иборанинг маъноси шундаки, ҳақиқий (қони тоза) ҳинду бундай ёмғирда ҳам даладаги ишни ташлаб кетмайди ва ҳеч нарса бўлмагандек ишлашда давом этаверади.

Yuputka

Улва тили;

Ареал: Никарагуанинг Кариб денгизи соҳиллари;

Маъноси: Тунда чангалзорга борганда терининг жимирлаб кетиши.

Potlatch

Чинук жаргони;

Ареал: Канада ва АҚШнинг Тинч океани қирғоқлари;

Маъноси: Ритуал совға-саломлар алмашиниш ҳамда моддий бойликларни намойишкорона йўқ қилиш маросимлари билан кечадиган байрам.

Бундай байрамлар қабила ва уруғлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг асосий тури ҳамда уруғларнинг рамзий иэрархиясини маъқуллаш усули бўлган: энг катта ҳокимият бошқалардан кўра кўпроқ мулкларни совға қилган ва йўқ қилган сардорда бўлади.

Lekil kuxlejal

Цельталь тили;

Ареал: Мексиканинг Чиапас штати тоғлари;

Маъноси: Муносиб яшаб ўтилган, мувозанатли ҳаёт.

Майаларнинг авлоди бўлган цельталь қабиласи ҳиндулари учун бу сўз асосий ҳаётий тушунчадир. У шахс билан, табиат, борлиқ ҳамда жамиятнинг уйғунликда, тотувликда яшашини кераклигини назарда тутади. Цельталларнинг анъанавий турмуш тарзи жамоанинг барча аъзолари учун нафақат бу ёруғ оламда, балки нариги дунёда ҳам lekil kuxlejal’га эришишга хизмат қиладиган ўзаро аҳилликда яшаш асосига қурилган.

Koyaanisqatsi

Хопи тили;

Ареал: АҚШнинг Аризона штати шимоли-шарқи;

Маъноси: Мувозанатдан чиқиб кетган турмуш тарзи.

Сuitlacochin

Науатль тили;

Ареал: Марказий Мексика;

Маъноси: Муносиб яшаб ўтилган, мувозанатли ҳаёт.

Ёмғирлар мавсуми пайтида маккажўхори сўтасини зарарлайдиган замбруғ тури. Айнан таржимаси «ифлос жойда ухламоқ».

Ацтеклар замонасидан буён замбруғ билан зарарланган маккажўхори сўтаси «Мексика трюфели» номли тансиқ таом ҳисобланади.

Mamihlapinatapai

Яган тили;

Ареал: Оловли Ер ороли, Чили;

Маъноси: Суҳбатлашаётган икки кишининг энди нима қилишни билмасдан, бир-бирига қараб индамай қотиб туриши

Mamihlapinatapai — «иккаласи ҳам айтишни хоҳлаётган гапни биринчи бўлиб суҳбатдош бошлашини кутиб, бир-бирига жим кўз тикиб туриш ҳолати» деб таржима қилинадиган  сўз бўлиб, Гиннеснинг рекордлар китобига кўра, жаҳондаги энг қийин таржима қилинадиган ва маъно кўлами энг катта сўз ҳисобланади.

Dona

Яган тили;

Ареал: Оловли Ер ороли, Чили;

Маъноси: Бировнинг бошидан бит териш ва уни тишда эзғилаб ўлдириш.

Ondinnonk

Гурон тили;

Ареал: Буюк кўллар ҳудуди, АҚШ ва Канада;

Маъноси: Руҳнинг тушда аён бўладиган махфий режалари.

Миссионер-иезуитларнинг XVII асрга оид қайдларига кўра, ёмон туш таъбирида кутиладиган кўнгилсизликларнинг олдини олиш билан боғлиқ ритуал ирим-сиримлар гуронларнинг диний қарашларининг моҳиятини ташкил қилган.

Aipak

Инюпик тили;

Ареал: Аляска, АҚШ;

Маъноси: Сўзма-сўз таржимаси «менинг бошқам». Маъноси гапираётган одамнинг эри ёки хотини тимсоли бўлиб турган шахс.

Эскимослар орасида насронийлик дини ёйилгунига қадар бўлган пайтларда уларда қатъий қоидалар билан назорат қилинадиган хотинларни вақтинча алмашиниб туриш анъанаси бўлган. Бунинг мақсади қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш эди. Бегона ҳудудга келиб қолган овчи маҳаллий одамлар ичида ўзининг ота-онаси билан шундай алоқаларга эга бўлган оилага мансуб ўгай укаси (katuk) ёки синглисидан (katagiik) ёрдам олиш мумкин бўлган.

Qarrtsiluni

Инюпик тили;

Ареал: Аляска, АҚШ;

Маъноси: Қоронғуда бирга ўтириш.

Quauhxicalli

Эски науатль тили;

Ареал: Марказий Мексика;

Маъноси: Қурбонлик маросимлари вақтида одамнинг юраги ва қони қўйиладиган махсус яполоқ тош лаган. Айнан таржимаси «бургут идиши».

Бу тош лаган баъзан ҳақиқатан ҳам бургут шаклида йўнилган, баъзан эса унга ягуар шакли берилган. Ацтеклар мифологиясига кўра, бу икки жонивор ва қурбонлик қилинаётган одам юраги тимсоли бўлмиш Қуёш ўзаро чамбарчас боғлиқ деб ҳисобланган. Ацтеклар борлиқдаги ҳамма нарса маъбудларнинг машаққати эвазига бунёд бўлган деб ўйлаган. Қурбонлик маросимлари, шу жумладан, одамларни қурбонликка келтириш орқали улар гўёки маъбудларга бу борлиқни машаққат билан бунёд қилганликлари учун эҳтиром кўрсатишган. Шунингдек, мазкур қурбонлик — борлиқни бундан кейин ҳам мавжуд бўлиши учун хизмат қилади деб ишонишган. Улар гўёки шу тариқа борлиқни барпо қилишни давом эттиришда маъбудлар ишини такрорлаяпмиз деб ўйлашган.