Дунёдаги энг бой одамлар қандай автомобиллардан фойдаланади деб ўйлайсиз? Business Insider’нинг маълум қилишича, Amazon ва Blue Origin компанияси асосчиси Жефф Безос оддий Honda ҳайдаб юришни афзал кўрар экан. Хўш, бошқа миллиардерларчи?

Forbes тақдим этган суратларни кўриб, миллиардерлар қандай машинада юришини ва ҳозир гаражида яна қандай автомобиллар борлигини билиб олишингиз мумкин.

Honda Fit Фото: Forbes

Марк Цукерберг дунёдаги энг қиммат машиналарда юришни истамайди. Facebook раҳбарининг Honda Fit, Acura TSX ва Volkswagen Golf GTI каби машиналари бор. Forbes маълумотига кўра, Цукербергнинг бойлиги 62,3 миллиард долларни ташкил этиб, дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида 8-ўринни эгаллайди.

Tesla Model S Фото: Forbes

Илон Маскнинг автоулов танлашда афзалликлари яққол кўриниб турибди. Tesla асосчиси ушбу маркадаги машинани бошқаради ва унинг модели — Tesla Model S. Тадбиркор Twitter’да болалар билан саёҳат қилишга чиққан вақт Tesla Модель 3 ва Tesla Модель Х автомашиналаридан фойдаланишини ҳам ёзган. Маск Forbes рўйхатида 40-ўринни эгаллаб турибди. Унинг бойлиги 22,3 миллиард долларга баҳоланган.

Porsche 959  Фото: Forbes

1979 йилда Microsoft салмоқли даромад олишни бошлаётганида, асосчиси Билл Гейтс Porsche 911 автомобилини сотиб олган. Бу ҳақда у Bloomberg’га берган интервьюсида айтиб ўтган. Машина ҳали ҳам «ақл бовар қилмайдиган» даражада. «Баъзан, тунда медитация қилмоқчи бўлганимда, шунчаки кўчага чиқиб, юқори тезликда машина ҳайдардим. Хайриятки, автоҳалокатга учрамадим», — дейди у ўз интервьюсида. Кейинчалик у автомобилини сотди. 2012 йилда ушбу транспорт воситаси кимошди савдосида 80 минг долларга сотилган. Business Insider маълумотларига кўра, Гейтс гаражида яна бир Германия ишлаб чиқарган машина Porsche 959 ҳам бор.

Гейтс 96,5 миллиард доллар бойлиги билан Forbes рўйхатида иккинчи ўринда туради.

Hummer H2 Фото: Forbes

Компьютерлар ва компьютер ускуналари ишлаб чиқарувчи Dell компанияси асосчиси Майкл Делл автомобиль йиғишни яхши кўради. Унинг коллекциясида 2004 йилги Porsche Boxster, Porsche Carrera GT ва Hummer H2 каби автомобиллар бор.

Делл 34,3 миллиард доллар бойлик билан дунёнинг энг бой одамлари рейтингида 25-ўриндан жой олган.

Audi R8 Фото: Forbes

Oracle дастурий таъминотини ишлаб чиқиш асосчиси Ларри Эллисон ўзининг спорт автомобиллари тўпламига эга. The Independent ёзганидек, миллиардернинг гаражида ҳатто McLaren Formula-1 пойга автомобили ҳам бор. LA Times газетаси эса Эллисоннинг гаражида Audi R8, Lexus LFA ва Lexus LS 600h L автомобиллари борлигини ҳам қайд этган. Forbes рўйхатида Эллисон 62,5 миллиард доллар бойлиги билан еттинчи ўринни эгаллаган.

Roewe RX5 SUV Фото: Forbes

Roewe RX5 SUV Alibaba Group директорлар кенгаши раиси Жек Ма хитойлик Roewe RX5 русумли автомашинасини ҳайдайди, деб ёзади CNBC. Alibaba Group ва Roewe 2016 йилда фақат RX5’га асосланган «Интернет-машина»  яратилишини эълон қилган. Жек Ма 37,3 миллиард долларга эга ва у Forbes рўйхатида 21-ўринда.

BMW M3 Evolution Convertible Фото: Forbes

Uber’нинг собиқ бош директори Равис Каланик 2016 йилда 1999 йилги BMW M3 Evolution Convertible моделига эгалик қилишини айтган. Каланик Forbes рейтингининг 298-поғонасида жой олган. Унинг бойлиги 5,8 миллиард долларга тенг.

Toyota Prius Фото: Forbes

Google асосчилари Ларри Пейж ва Сергей Брин Toyota Prius русумли автомобилларга эгалик қилган. Бу дунёдаги биринчи оммавий гибрид автомобиль бўлиб, у бензин ёки электр двигатель билан ҳаракатлана олади. Ҳозирги кунда Пейж 50,8 миллиард доллар бойлик билан дунёдаги энг бой бизнесменлар ўнлигига кирган бўлса, Брин 49,8 миллиард доллар бойлиги билан 14-поғонани банд этган.

1968 Morris Minor Фото: Forbes

2015 йилда Virgin асосчиси Ричард Брэнсон, асосан Британиянинг Виржиния оролларида гольф автомобили ёки электр велосипедини бошқаришини маълум қилган. Компаниянинг таъкидлашича, Брэнсоннинг биринчи автомобили 1968 йилги Буюк Британиянинг Morris Mini-Minor машинаси бўлган.

Брэнсон Forbes рейтингида 4,1 миллиард доллар бойлиги билан 478-ўринни эгаллаган.

Honda Accord Фото: Forbes

Жефф Безос Forbes маълумотига кўра, дунёдаги энг бой одам бўлиб, унинг бойлиги 131 миллиард долларга баҳоланган. Журналист Бред Стоун ўзининг «The Everything Store» номли китобида, Безос ҳеч бўлмаганда 2013 йилда Honda Accord автомашинасини бошқарганлигини ёзган.