Жорий мавсумда Хитой шарқига ёпирилган «Лекима» тайфуни оқибатида 44 киши ҳалок бўлди, яна 16 киши бедарак йўқолди, деб хабар беради «ТАСС».

Фото: Joinfo

Табиий офат асосан Чженсзян провинциясига талафот етказган бўлиб, бу ерда ҳалок бўлганлар сони 39 кишига етди.

10 августга ўтар кечаси шамол тезлиги сониясига 50 метрга етган. Сўнгги расмий маълумотларга кўра, етказилган иқтисодий зарар 3,4 миллиард долларга баҳоланмоқда. Тайфун провинцияда истиқомат қиладиган 6,6 миллион одамнинг нормал ҳаёт тарзини издан чиқариб юборган, 1,2 миллион аҳоли хавфли ҳудудлардан эвакуация қилинган.

11 август куни эса тропик циклон даражасигача сусайган табиий офат Шандун провинциясининг шарқий қирғоқларига етиб келган. У провинцияда кучли ёғингарчиликни келтириб чиқарган. Етказилган зарар 200 миллион долларга баҳоланди.

Бир сутка ичида Янсзи дарёси яқинидаги ҳудудлардан ўтувчи темир йўллар вайрон бўлган, минтақада бир неча минг авиарейс бекор қилинган.