10—11 август кунлари жангариларнинг ҳужумини қайтариш вақтида Сурия армиясининг ҳарбий хизматчилари ҳалок бўлди. Бу ҳақда Суриядаги урушаётган томонларнинг ярашиш маркази хабар берди.

Фото: Reuters

Икки кун ичида 23 нафар суриялик ҳарбий ҳалок бўлган, яна етти киши жароҳат олгани айтилмоқда.

Таъкидланишича, террорчиларнинг барча ҳужумлари Сурия ҳукумат кучлари томонидан қайтарилган. «Тўқнашув вақтида жангарилар катта талафот кўрди», — дейилади хабарда.

10 август куни Икко аҳоли пункти яқинидаги Сурия ҳукумат қўшинлари жойлашган ҳудудга ҳужум уюштирилган эди. 11 август куни эса Мурек-Ачан ва Кафер-Айн ҳудудларида тўқнашувлар содир бўлган.

Сурияда фуқаролик уруши 2011 йилнинг баҳорида бошланган бўлиб, томонлардан бири — мамлакат президенти Башар Асад тарафидаги ҳукумат кучлари бўлса, иккинчи томон — АҚШ ва Европа давлатлари томонидан қўллаб-қувватланилаётган мухолифат кучлари.