Италиянинг Versace модалар уйи сотувга чиққан янги футболка ва толстовкаларида Хитойнинг Гонконг ва Макао махсус маъмурий туманларини алоҳида давлат қилиб кўрсатгани учун кечирим сўради, деб хабар беради «РИА Новости».

Фото: «News.ru»

Versace модалар уйи 24 июлдан бошлаб географик хатоликка йўл қўйилган барча кийимларни сотувдан қайтариб олиб, уларни йўқ қилганини билдирган.

«Бу бизнинг хатомиз ва содир бўлган воқеадан қаттиқ афсусдамиз. Биз Хитойни яхши кўрамиз ҳамда унинг ҳудудий ва миллий суверенитетини ҳурмат қиламиз», — дейилади хабарда.

Фото: «News.ru»

Маълумотларга кўра, мазкур хатолик сабаб модалар уйининг Хитойдаги юзи ҳисобланган актриса Ян Ми Versace билан ҳамкорлик қилишдан бош тортган. Актриса июнь ойида имзолаган шартномасини 11 август куни бузган.

Gianni Versace S.p.A. — 1978 йилда модельер Жанни Версаче томонидан асос солинган Италия компанияси. Компания кийим-кечак, парфюмерия маҳсулотлари, соатлар, уй учун турли товарлар, аксессуар ва бошқа ҳашамат буюмларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. 1997 йилда Жанни вафот этгач, концерн бошқарувига унинг кичик синглиси Донателла келган.