Франциянинг Амен шаҳри марказидан ўтувчи йўлнинг бир қисми ўпирилиб тушиб, диаметри ўн, чуқурлиги беш метр келадиган жарлик ҳосил бўлди, деб хабар беради «РИА Новости».

Фото: Courrier Picard

Ўпирилиш шаҳар мерияси яқинидаги La Bonne humeur ресторани қаршисида юз берган. Шаҳар рельефининг авария бўлган қисми хавфсизлик нуқтаи назаридан ўраб қўйилган.

Жарлик ҳосил бўлган ҳудуд яқинида жойлашган уйлардан уч киши эвакуация қилинган, улар вақтинча шаҳар администрацияси биносида яшаб турибди.

Дастлабки маълумотларга кўра, ер остидан ўтувчи сувлар асфальт тагидаги тупроқни ювиб кетган. Таъкидланишича, шаҳар марказининг ўзида ўрта асрларга оид 200 га яқин ғорлар мавжуд.

Айни вақтда кўнгилсиз ҳодиса содир бўлган ҳудудда сув, газ ва электр энергиялари ўчириб қўйилган.