Инновацион ривожланиш вазирлиги Германия Таълим ва тадқиқотлар вазирлиги билан ҳамкорликда 15 нафар ўзбекистонлик ёш олимнинг илмий ишланмаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Германия тадқиқот институтларида икки ҳафта давомида малака ошириши учун грант дастурини эълон қилди.

Фото: Google Images

Амалиёт дастури доирасида ёш олимлар Германия инновацион экотизимини ўрганиш мақсадида мамлакатнинг турли илмий ва инновацион марказларига сафар қилади. Улар илмий-тадқиқот муассасаларида малака ошириш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, Германия ҳукумати томонидан ўтказиладиган илмий танловлар ва грант дастурларида иштирок этиш имкониятини қўлга киритади.

Танловда ақлли шаҳар, атроф-муҳитни ўрганиш, барқарор ривожланиш, қишлоқ хўжалиги ва маданий меросни асрашга қаратилган инновацион технологияларни тадқиқ этишга қаратилган лойиҳаларга кўпроқ эътибор қаратилади. Инновацион фаолиятга йўналтирилган ва натижаларини амалиётга жорий қилишга қаратилган лойиҳалар танловда устунликка эга бўлади.

Номзодлар 2019 йилнинг 31 августига қадар рўйхатдан ўтиб, керакли ҳужжатларнинг электрон нусхаларини тақдим этиши лозим. Тил билиш сертификатларига эга, инглиз ёки немис тилида илмий мақолалари чоп этилган номзодларга танловда устунлик берилади.

Танловнинг саралаш жараёни Инновацион ривожланиш вазирининг юқори мартабали маслаҳатчиси Карстен Хайнс раҳбарлигида вазирлик ва ҳамкор ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Амалиёт дастурида иштирок этиб қайтган номзодлар жорий йил октябр ойида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган Innoweek инновацион ғоялар ҳафталиги давомида тадқиқот натижаларига бағишланган тақдимотлари ёки ўз лойиҳалари билан қатнашиши лозим.