Россиянинг Чита вилоятидаги божхона ходимлари оёқ кийимига 2 килограммга тенг олтин ёмбиларни Хитойга олиб ўтишга уринган фуқарони қўлга олди, деб хабар беради «Korrespondent.net».

Фото: Getty Images

«Божхона пости орқали Хитойга ўтаётган россиялик аёлнинг оёқ кийимида жами оғирлиги 2 килограммга тенг бўлган 10 та кичик ёмби топилди. Стационар металл излагич томонидан аниқланган олтинларнинг қиймати 61 минг доллардан ортиқ туради», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, аёл назорат бошланишидан олдин ўзини асабий тутгани сабаб ўтказиш пункти ходимлари томонидан текширилган.

Экспертиза хулосасига кўра, ёмбилар уй шароитида тайёрланган. Бундан ташқари, олтинларда тегишли проба ёки бошқа бирор-бир ҳужжат бўлмаган.

Россиялик аёл ўзига мерос бўлиб қолган олтинларни Хитойда сотиш ниятида бўлган. Ҳозирда унга нисбатан Россия Жиноят кодексининг «контрабанда» моддаси бўйича жиноят иши очилган.