10—12 август кунлари футбол бўйича Россия Премьер лигасининг 5-тур учрашувлари бўлиб ўтди. «Дарё» мазкур тур шарҳини эътиборингизга ҳавола этади.

«Оренбург»—«Тамбов»

Фото: Twitter/@fcorenburg

Турни «Оренбург» ва «Тамбов» ўртасидаги учрашув очиб берди. Ўйин оренбургликлар учун аламли ўтди (2:2). 74-дақиқагача 2:0 ҳисобида олдинда бораётган «Оренбург» тўрт дақиқа ичида ўз дарвозасидан иккита тўп олиб чиқди.

Мазкур ўйинда ўзбекистонлик футболчи Вадим Афонин бир бўлим ҳаракат қилди. Шу тариқа, кетма-кет тўрт турдан буён мағлубиятга учраётган «Оренбург» ушбу мавсумдаги илк очкосини қўлга киритди.

«Динамо М»—«Зенит»

Фото: Twitter/@zenit_spb

Амалдаги чемпион «Зенит» Москвага сафар қилди ва «Динамо»га қарши баҳс ўтказди. Артём Дзюба ва Магомед Оздоевнинг голлари петербургликлар клубига ғалаба олиб келди (2:0). «Зенит» мазкур ғалабадан сўнг мағлубиятсиз сериясини давом эттирган ҳолда пешқадамликни мустаҳкамлади.

«Краснодар»—«Рубин»

Фото: Twitter/@FCKrasnodar

Европа Чемпионлар Лигасининг саралаш ўйинларида қатнашаётган «Краснодар» ўз майдонида «Рубин»ни қабул қилди. Иван Игнатевнинг 18-дақиқада урган голи ўйин тақдирини ҳал қилди. Эътиборли жиҳати, «Краснодар» иккинчи бўлимни бир киши кам бўлиб ўтказди, бироқ қозонликлар сондаги устунликни ҳисобда акс эттира олмади.

Мазкур ўйинда ҳам Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Виталий Денисов захирада қолдирилди. «Рубин» ҳозирча қанот ҳимоясини ёш футболчиларга ишонишни маъқул кўрмоқда.

ЦСКА—«Сочи»

Фото: Twitter/@pfc_cska

Тур сенсацияси пойтахтда қайд этилди. ЦСКА кутилмаганда лига дебютанти «Сочи» билан дуранг ўйнаб қўйди (0:0). Виктор Гончаренко шогирдлари уч ўйинлик ғалабали сериядан сўнг очко йўқотди.

«Ахмат»—«Спартак»

Фото: Twitter/@fcsm_official

«Спартак» ниҳоят 5-турга келиб ғалаба қозонишга эришди. Грознийга сафар қилган «қизил-оқ»лар «Ахмат»ни ишончли тарзда таслим этди (3:1). Учрашувда Зелимхан Бакаев дубль қайд этди, москваликларнинг яна бир голини ёзги трансферлар ойнаси вақтида жамоага олиб келинган германиялик ҳужумчи Андре Шюррле киритди. Шу тариқа, биринчи турда «Сочи»ни минимал ҳисобда енгандан кейин ғалаба нималигини билмай келаётган «Спартак» навбатдаги очколарини қўлга киритди.

«Ростов»—«Крилья Советов»

Фото: «ВКонтакте»/@fcrostov

Турни якунлаб берган баҳс «Ростов» ва «Крилья Советов» клублари ўртасида бўлди. Мазкур ўйинда ростовликлар Элдор Шомуродовнинг 33-дақиқадаги голи эвазига ғалабани тантана қилди. Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси ўзининг аниқ зарбаси билан «Ростов»га ғалаба келтириш билан бирга, голларини 4 тага етказиб олган ҳолда тўпурарлар жадвалида пешқадамлардан бирига айланди.

Мазкур ғалабадан кейин «Ростов» очколарини 11 тага етказиб олган ҳолда иккинчи ўринга кўтарилди ва пешқадам «Зенит»дан икки очко ортда қолмоқда.

5-тур рақамларда

Фото: ВКонтакте/@fcrostov

Энг кўп томошабин «Ростов»—«Крилья Советов» учрашувида қайд этилди. «Ростов Арена»га 28 674 нафар мухлис ташриф буюрди.

Иккита ўйинда нурсиз дуранг қайд этилган бўлса, энг йирик ҳисоб «Локомотив М»—«Урал» (4:0) учрашувида юзага келди.

Ҳозиргача иккита жамоа («Зенит» ва «Ростов») мағлубият нималигини билмай келмоқда. Яна икки клуб («Сочи» ва «Оренбург») янги мавсумда ҳали ғалабага эриша олмади. Шунингдек, дуранг қайд этмаган жамоалар сони ҳам иккита («Ахмат» ва «Крилья Советов»).

Фото: Twitter/@rfpl

Нодир Ҳамидхонов тайёрлади

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!