Вашингтон ўз иттифоқдошлари билан Осиё-Тинч океани минтақасига ўрта масофага мўлжалланган ракеталарни жойлаштириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда АҚШ давлат котибининг қуролланиш ва халқаро хавфсизлик назорати бўйича ўринбосари Андреа Томпсонга таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Фото: «Военное обозрение»

Унинг сўзларига кўра, минтақада жойлашган давлатларнинг раҳбарлари ўз ҳудудига Америкага тегишли қуролларни жойлаштиришга рухсат бериш ёки бермасликни мустақил ҳал этади.

«Мазкур минтақага оид ҳар қандай қарор иттифоқдошларимиз билан маслаҳатлашган ҳолда қабул қилинади, бу АҚШнинг бир томонлама қарори эмас», — дейди Томпсон.

Топмсоннинг таъкидлашича, АҚШнинг ҳамкорлари ва иттифоқдошлари Вашинтоннинг ўрта ва қисқа масофадаги ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги шартномадан чиқишини «ижобий баҳолаган». АҚШ давлат котиби ўринбосарининг сўзларига кўра, Вашингтон қуролланиш устидан назоратни ўрнатишга оид янги келишувни тузишда Россия ва Хитой консултациясига умид қилади.

АҚШ давлат котиби Майкл Помпео июль ойида журналистларга берган интервьюсида Вашингтон Осиёда ўрта масофага мўлжалланган янги ракеталарни жойлаштиришини маълум қилганди. Янги қуролланиш амалга ошириладиган давлат рўйхатидан Япония, Жанубий Корея ва Австралия ўрин олгани айтилмоқда.