Берлинда синов тариқасида 16 август куни ўзини-ўзи бошқарувчи электр микроавтобуси ишга туширилди, дея хабар бермоқда «Korrespondent.net».

Фото: ДW

Олтита ўриндиқли ушбу автобус Берлиннинг Тегел туманида метронинг олтинчи йўналиши охирги бекати ва Тегел кўли бўйлаб ҳаракатланади.

Автобус олдиндан режалаштирилган йўналиш бўйича 1,2 километр юради. У чиқиш-тушиш учун эшикларини очган ҳолда йўлидаги барча 4 та бекатда тўхтаб ўтади. Ҳаракатланиш тезлиги соатига 15 километрдан ошмайди.

Автобус учун чипта талаб этилмайди. Йўловчиларга кузатувчи ҳамроҳлик қилиб, ҳаракатланишни кузатиб боради ва муаммоли вазият юзага келганда чора кўради.

Йил охиригача давом этадиган синов тестида бундай транспорт воситаси қандай ишлаши, унинг сенсорлари атроф-муҳит ва об-ҳаводан қандай таъсирланиши ва йўловчилар ҳайдовчисиз автобусда ҳаракатланишга қандай муносабатда бўлиши ҳақида хулосалар чиқарилади.