Ойни тадқиқ қилиш жараёни давом этаётган сўнгги бир неча ўн йиллик мобайнида табиий йўлдошимиз сатҳида анча-мунча чиқинди йиғилиб қолди. Яқинда яна бир неча ишдан чиққан ўзиюрар аппаратлар уюми бу чиқиндилар қаторига қўшилди. Биз Ойда жами қанча чиқинди тўпланганини аниқ била оламизми? SunScience илмий канали ушбу саволга жавоб беради.

Фото: NASA

Қанча чиқинди борлигини аниқ айтиш қийин, бироқ Ойдаги барча техник ташландиқ чиқитларни йиғса, улар Ерда тахминан 181 000 килограмм тош босган бўларди. Ҳарҳолда Wikipedia’да шундай дейилган. NASA бош солномачиси Уильям Баррининг сўзларига қараганда, бу рақам ҳақиқатга яқин бўлиб, айниқса Ойда бир неча йирик матоҳлар, хусусан, бешта Ой автомобили – роверлар қолдириб кетилгани инобатга олинса, унга ишониш мумкинлиги ойдинлашади.

Ойдаги чиқиндиларнинг асосий қисмини 1969–1972 йилларда «Аполлон» дастури доирасида Ойга қадам босган астронавтлар томонидан қолдириб кетилган. Қолган барча чиқитлар эса АҚШ, Европа Иттифоқи, Россия, Япония, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларнинг қачонлардир Ойга юборган учувчисиз аппаратларининг қолдиқларидир.

Энг биринчи чиқиндилар Ой сатҳини ўрганиш илинжида учирилган илк зондлар бўлган эди. 1960 йилларгача келиб урилган астероидлар сонига кўра Ой сирти қандайдир сузиб юрувчи қум уюмидан иборат бўлса керак деган фикр бор эди. Ўша илк зондлар инсон қўли билан ясалган ҳаракатланувчи аппаратлар Ой сиртига бемалол қўна олишини ва юза бўйлаб ҳаракатланиши мумкинлигини кўрсатиб берган.

Шунингдек, Ойда орбитал аппаратлар, яъни унинг атрофида учиб юриб тадқиқот олиб борган ва якунда ишдан чиққан Ой сиртига қулаган аппаратлар ғарами бор. Сўнгги пайтларда учирилган аппаратлар эндиликда асосан реголит таркибини ўрганиш ва сув излаш билан шуғулланган. Масалан, LCOSS (Lunar Crater Observation and Sensing Satellite) водород қидириш билан машғул бўлган.

NASA астронавтларига келадиган бўлсак, уларнинг Ойга парвозлари аввал бошдан шундай режалаштирилганки, ортга қайтишда ҳеч қандай ортиқча нарсани юк қилиб олмаслик керак эди. Ишлатилган барча нарса ўша жойнинг ўзида ташлаб кетилган. Бундан мақсад, парвоз учун энг зарур нарса – ёқилғини тежаш бўлган. Қўйилган асосий вазифа астронавтларни Ойга элтиш, зарурий намуналарни олиш ва яна ортга бехатар қайтишдан иборат бўлган.

Айтганча, NASA нуқтаи назарига кўра, Ойда қолдириб кетилган нарсаларни чиқинди деб эмас, узоқ муддатли эксперимент объекти деб қаралади. Унга кўра, олимлар кейинчалик ушбу нарсаларни текшириш орқали вакуум ва космик нурланишларнинг бу материалларга қандай таъсир қилганини ўрганиши мумкин экан. Режага кўра, келажакда Ойда доимий база барпо этилгач ва у ёққа сайёҳлар қатнай бошлаганидан сўнг «Аполлон» кемалари қўнган жойлар музейга айлантирилар эмиш.