Хартумда ҳарбийлар томонидан ҳокимиятдан четлатилган Суданнинг собиқ президенти Умар ал-Башир устидан суд жараёни бошланди. Суд ҳозирча собиқ президентга қўйилган коррупция бўйича айбловларни кўриб чиқмоқда, деб хабар берди «ТАСС».

Фото: «ТАСС»

Суд мажлисига ал-Баширни ҳимоя қилиш учун 100 га яқин адвокат келган. Судланувчининг ўзи металл қафас ичига жойлаштирилган. Мамлакатни 30 йил бошқарган ал-Баширни суд биносига қуролланган ҳарбийлар зирҳланган машиналарда келтиришган.

Ал-Башир устидан суд жараёни бир неча маротаба қолдирилиб келинаётганди.

Тергов вакилининг айтишича, ал-Башир Саудия Арабистони ҳукуматидан миллионлаб доллар олганини тан олган. ОАВ маълумотларига кўра, ал-Баширнинг уйи тинтув қилинганда 6 миллион евро, 351 минг доллар ҳамда маҳаллий валютада катта миқдорда пул топилган.

Суданда ҳарбий тўнтарув 11 апрелда юз берганди. Бунгача аҳоли мамлакатдаги харобагарчилик сабабли оммавий норозиликлар уюштириб келган. Умар ал-Баширга қарши жиноий иш намойишчиларнинг ҳалок бўлиши ва террорчиларга пул бериш айбловларини ҳам ўз ичига олган.