«Дарё» колумнисти анъанавий рукнда ўтган ҳафтада муҳокама қилинган асосий ижтимоий масалаларга тўхталиб ўтади.

Ўзингникидан узр, бегонага қонун

Ғаройиб мамлакатда яшаймиз. Ҳокимият вакиллари учун барчаси мумкин: бутун туман аҳолисини ҳаромидан олиб ҳаромига солиш, итдан тарқаган, мараз деб аташ, ўн дақиқада юзта уят сўз билан одамларни сўкиш, одам яшаётган уйини бузиб юбориш, мулкига бульдозер солиш, халқ вакили журналистнинг камерасини синдириб ўзини қувиш... Аммо интернет фойдаланувчисига ҳатто виртуал дунёда ҳаддан ошсангиз жазоланишингизни қайта-қайта эслатишади. Ҳокимтўранинг амри билан ўнлаб фуқаронинг уйи бузилган бўлса, жа борса узр сўраб қутулади, аммо шўринг қурғур интернет юзери «вей…» деворса, 10 та минималка жаримага тортилади.

Фото: Google Photos

Алғов-далғов замонларга қолиб кетдик, Қоравой.

  • Шунинг учун тилингни ҳамиша тийиб юр. Ҳаддидан ошган мулозимни интернетда «ҳароми» дема. Улар ифлос ҳам эмас. Ўзинг жавобгарликка тортилмаслигинг учун «бу итни жавобгарликка тортиш керак» дея кўрма;
  • Журналистни олдига солиб қувганлар ғазабингни қўзғаса, «журналистни итдек қопяпти, милиция молга ўхшаб қараб турибди» дема. Бу ҳақорат сифатида малакаланиши мумкин;
  • Улар асло чўчқадан тарқаган эмас, эсингда тут. Худди ўзимиз каби ҳаводан нафас олувчи жонзотлар;
  • «Падарингга лаънат, сенлар юртимизни ботқоққа тиқдинг», «ҳаммангни ёқиш керак» деб изоҳ ёзсанг-у, эртага уйи тўсатдан ёниб кетса, кимдан шубҳаланади? Сендан албатта. Чунки унинг номига таҳдидли изоҳ қолдиргансан. Қамаласан;
  • «Қулваччалар амал тегиб қутуриб кетди», «падарига лаънат» деб тилингни оғритма. Танангни оғритиб қўйишлари эҳтимолдан холи эмас;
  • Ота-онасини эшакка, филга учраштиришни хаёлингга келтирма. Эсингда тут, уларга мумкини сенга мумкин эмас.

Давлат бошқарувида «ўзингникидан узр, бегонага қонун» тамойили мавжуд ва бу тамойил бизнинг жамиятда ҳеч бир тўсиқсиз ишлаб келяпти. Қонун сен ва мен учун.

Толиби илм сиёсатни ўрганмоқчи

Толиби илм Пири комилдан сўради:

- Устоз, нима учун қонунбузар мансабдорларни Президент ва Бош вазир қайта-қайта огоҳлантирса-да, улар ёмон амалларни қилаверади?

Пири комил Макиавеллининг китобидан бошини кўтариб жавоб берди:

- Бўтам, мен ёшлигимда жуда шўх эдим. Кимнидир бурнини қонатиб ё бошини ёриб келмаган куним йўқ эди. Уларнинг ота-оналари уйимизга келиб дадамга шикоят қилса, дадам «бунинг адабини бераман, қани камаримни олиб келинглар-чи, уйга кир зумраша» дердилар. Аммо шикоятчи кетгандан кейин «бошқа бундай қилма, ўғлим» дердилар-у, сира урмасдилар.

Толиби илм яна Пири комилдан сўради:

- Устоз, илмингиз зиёда бўлсин. Айтингчи, депутатлар энг асосий ҳокимият бўлатуриб на ҳокимларга, на вазирларга гап ўтказа олмаслигини қандай тушунайлик?

Пири комил жавоб берди:

- Яна ёшликка қайтамиз. Бўталоғим, болалигимда яйловда ўртоқларим билан қўй-мол боқардик. Баъзан футболга чалғиб кетсак, 5–6 яшар укаларимизга «молга қараб тур» деб топшириқ бериб алаҳсиб қолардик. Молларимиз яйловдан томорқага ўтиб пайҳон қиларди. Эгаси бизни тергаса, биз укамизни тергардик. Аслида 5–6 яшар укаларимиз кучи озлигидан мол-қўйни эплай олмаслигини, арқонидан тутса, судраб кетишини билардик. Шундай бўлса-да қараб туради, деб ўйлардик.

Сарвар уста

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.