Индонезия шарқидаги Ғарбий Папуа провинциясидаги оммавий тартибсизликлар пайтида 258 нафар маҳбус қочди. «Korrespondent.net»нинг ёзишича, бу ҳақда 20 август куни мамлакат ахлоқ тузатиш муассасаси бўлими бошлиғи Аде Кусманто маълум қилган.

Фото: AP

«Намойишчилар давлат муассасаларига ўт қўйганидан кейин қамоқхона биносига йўл олган. Улар бинога қарата тош отиб, маҳкумларни қочишга ундаган», — деган Кусманто. Унинг сўзларига кўра, маҳбусларнинг 258 нафари қочишга эришган, уларнинг айримлари қўлга олинган.

Маълум бўлишича, оммавий норозилик юзага келишига 18 август куни Ява оролида индонезияликлар ва папуаслар ўртасида юзага келган можаро сабаб бўлган. Яъни  Сурабая шаҳрининг аҳолиси бошқа жойдан келганларни Индонезия Мустақиллик кунини нишонламаганликда айблаган.