ТИВ Туркияга кетаётган ўзбекистонликлар паспортларининг амал қилиш муддатини текширишлари лозимлиги ҳақида огоҳлантирди.

Фото: Onlinetours

Вазирлик матбуот хизматида таъкидланишича, 2018 йилнинг октябрь ойидан бошлаб Туркия ҳукумати Ўзбекистон фуқароларига Туркия ҳудудида 90 кун давомида визасиз юришга рухсат бериш тўғрисида қарор қабул қилган. Бунда уларнинг паспортлари амал қилиш муддати 90 кундан кам бўлмаслиги керак. Акс ҳолда, уларнинг давлат ҳудудида бўлиш режаси 90 кундан кам бўлса ҳам фуқаролар Туркия ҳудудига киритилмайди.

Шунингдек, бу мамлакатда 90 кундан ортиқ юрган ва мавжуд қоидани бузган фуқаролар Туркиядан кетиш чоғида аэропортда белгиланган миқдорда жарима тўлашга мажбурдир. Жарималар миқдорини аниқлаш ва уни тўлаш фақатгина фуқароларнинг кетиши олдидан рўйхатдан ўтиб, қўлларига учиш талонларини олгандан сўнг амалга оширилади.