АҚШ қисқа ва ўрта масофага мўлжалланган ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги шартномада тақиқланган гипертовушли ракетани яратмоқда. Бу ҳақда АҚШ қуруқлик қўшинлари вазири вазифасини бажарувчи Райан Маккарти маълум қилди, деб хабар беради «Яндекс.Новости».

Фото: «Яндекс.Новости»

Унинг сўзларига кўра, АҚШ шартномадан чиққан бўлиб, Пентагон юзага келган вазиятдан қандай қилиб манфаатли фойдаланиш йўлларини қидирмоқда.

«Биз ракета дастури бўйича кетяпмиз. Агарда баллистик каллакчани гипертовушли ракетага ўрнатадиган бўлсак, бу шартнома талабларига зид бўлади. Биз бу имкониятларни кўриб чиқмоқдамиз», — дейди Маккарти.

18 август куни америкалик ҳарбийлар ердаги нишонларни яксон қилишга мўлжалланган «Tomagavk» ракетасини синовдан ўтказганди. Ушбу ракеталар қисқа ва ўрта масофага мўлжалланган ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги шартномада тақиқланган. Пентагон ушбу ракета ядровий эмас, балки оддий каллакчаларни ташишга мўлжалланганини маълум қилган.

Кейинроқ, Москва ушбу синовга нисбатан муносабат билдириб, ядровий бўлмаган қанотли ракетанинг шартнома муддати тугаганидан икки ҳафта ўтиб учирилиши, Вашингтон шартномадан чиқишни олдиндан режалаштирганини таъкидлаган.