Дания қироллик оиласи аъзолари АҚШ президенти Дональд Трампнинг Гренландияни сотиб олиш таклифига ижобий қаради, деб хабар бермоқда «ТАСС».

Фото: «Болеро тур»

Малика Антония Шаумбург-Липпе бу таклифни «сеҳрли Гренландия учун мақтов» деб қабул қилган. Унинг сўзларига кўра, фақат орзу қилинган ҳудудларгина бундай таклиф олади. У, шунингдек, бу орол тақдирини унда яшайдиган аҳоли ҳал қилиши лозимлигини қўшимча қилган.

Унинг ўғли шаҳзода Марио Макс Шаумбург-Липпе онасининг фикрига қўшилиб, гренландияликлар томонидан ижобий деб қабул қилинган ҳар қандай қарор қўллаб-қувватланиши кераклигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, 16 август куни The Wall Street Journal Трамп АҚШнинг Арктикадаги ўрнини кучайтириш мақсадида Гренландия оролини сотиб олмоқчилигини маълум қилганди. Аммо Дания бош вазири Метте Фредериксен қироллик таркибига кирувчи Гренландиянинг сотилиши имкониятини қатъий рад этган.