Гондурас собиқ президенти Порфирио Лобонинг рафиқаси Роса Элена Бониля Тегусигальпа шаҳри суди томонидан коррупцияда айбдор деб топилди. «ТАСС»нинг хабар беришича, бу ҳақда 20 август куни Гондурас Олий судининг Twitter’даги саҳифасида маълум қилинган.

Фото: Reuters

«Бониля 8 та фирибгарлик ва 3 та ўғрилик ҳолатлари бўйича бир овоздан айбдор деб топилди», — дейилади хабарда.

Роса Элена Бониля 2018 йилнинг февраль ойи охирида қўлга олинган. Гондурас прокуратураси уни турли ижтимоий дастурларга мўлжалланган 700 минг долларни ўзлаштирганликда айблаган.

Собиқ биринчи хонимга нисбатан суд ҳукми 27 август куни чиқарилиши кутилмоқда. У 58 йилдан 87 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.