Француз математиги Анри Пуанкаре томонидан ўртага ташланган ва шу сабабли «Пуанкаре гипотезаси» деб номланган масала юзасидан жаҳоннинг энг ўткир математиклари бир неча ўн йиллар давомида қаттиқ тер тўккан. Бироқ деярли юз йиллик уринишлар билан ҳам уни исботлашнинг уддасидан ҳеч ким чиқа олмаган. Вазифани 2002–2003 йилларда рус математиги Григорий Яковлевич Перельман уддалади. Ушбу масала Клей математика институти томонидан эълон қилинган «Минг йиллик масалалари» рўйхатига ҳам киритилган бўлиб, унинг ечими учун 1 миллион АҚШ доллари миқдорида мукофот белгиланган эди.

Фото: How

Бироқ Перельман мукофотдан бош тортган. Бу борада берилган камдан-кам изоҳлардан бирига кўра, олим мукофотни ҳамкасби Ричард Гамильтонга бериш кераклигини айтган бўлса, яна бир сафар у «илм пулга чақилмайди» деган эмиш. Нима бўлганда ҳам, Григорий Перельманнинг ушбу тушунарсиз қилиғининг асл сабаби ўзигагина аён.

Масала ечилгач ва олим миллион доллардан бош тортгани аён бўлгач, у ҳақда шовшув билан ёзмаган ОАВ қолмади ҳисоб. Ўзига ёпирилган улкан машҳурлик ва одамларнинг ёппасига безор қилиб юбориши Перельманни кескин ижтимоий чекиниш қилишга мажбур этди. У узлатга кетиб, вақтини нуқул уйда, ҳеч қаёққа чиқмасдан ва ҳеч ким билан гаплашмасдан ўтказадиган бўлди. Даҳо математик 2005 йилдан буён ҳеч қаерда ишламайди ва расман ишсиз мақомида қайд этилган. У онаси билан бирга Санкт-Петербургдаги овлоққина кулбасида ғарибона кун кечиради.

Фото: How

Ўшандан буён Перельман қандай яшаётгани ва нима билан машғул экани борасида расмий ахборот топишнинг имкони йўқ. У ўзини безовта қилмасликлари учун  ҳатто эшик қўнғироғини ҳам олиб ташлаган. Узунқулоқ гапларга қараганда, олимнинг устози Сергей Рукшин унга айрим қийин масалаларни ечиб беришни буюртма қилиб тураркан ва ҳозирча ҳеч ким пойлай олмаган йўл билан алоқа қилиб турар эмиш. Бир муддат муқаддам эса ҳатто Перельман Швецияга кўчиб кетгани ҳақида ҳам гап-сўзлар пайдо бўлганди. Лекин маълум бўлишича, Григорий Яковлевич ҳақиқатан ҳам Швецияга бориб келган, бироқ ёққа бутунлай кўчиб кетмаган. Шунчаки қариндошларидан хабар олгани борган.

Перельманни бутунлай тарки дунё қилган дейиш ҳам ноўрин. Уни фавқулодда кам бўлса-да, шаҳар кўчаларида учратиб қолиш мумкин. Шунда ҳам у қандайдир бир фавқулодда эҳтиёж юзасидан ташқарига чиққан бўлади. Масалан, озиқ-овқатга харажат қилгани ёки чиқинди тўккани чиққан бўлади. У ташқи кўринишига умуман эътибор қаратмайди. Боз устига, унинг суратлари унчалик ҳам машҳур эмас. Шу сабабли ҳам Перельманни кўчада деярли ҳеч ким танимайди. Худди уйсиз, кўчада қолган кишилардек жулдур кийими ва соч-соқоли ўсган бетартиб қиёфаси аслида бу одам жаҳон тан олган олим эканлигига катта шубҳа уйғотади. Яхши танийдиганларнинг таъкидлашича, Григорий Перельман аслида жуда яхши тарбия кўрган хушмуомала инсон. Лекин у одамлар билан мулоқот қилмасликни маъқул кўради.

Албатта, Перельман шубҳасиз даҳо киши. Даҳоларнинг эса ўзига хос инжиқликлари бўлади ва улар ўзи истагандек яшашга интилади. Жамият эса буни тўғри тушуниши ва ҳурмат билан ёндашиши керак.

Манба: How