Перм ўлкаси губернатори Максим Решетников Ўзбекистон фуқароси Данил Йўлдошевга ЙТҲга учраган автобусдан одамларни қутқаришдаги иштироки учун миннатдорлик билдирди.

Фото: Перм ўлкаси ҳукумати

Решетников 7 йилдан бери бокс билан шуғулланиб келаётган ёш спортчига миннатдорлик хати ва бокс қўлқопи топширди.

Ўлка ҳукумати Йўлдошевга Россия фуқаролигини олишда ёрдам кўрсатиши ҳам хабар қилинган. Маълум бўлишича, 20 яшар Данил Тошкентда туғилган, бироқ 7 йилдан бери бувиси билан Пермда яшайди. У йил охиригача Россия фуқаросига айланиши мумкин.

17 август куни Перм шаҳрида автобус бино деворига урилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлган, 34 киши жароҳатланган эди. ЙТҲ оқибатида автобус эшиклари очилмай қолган. Воқеа гувоҳи бўлган Данил орқа эшикни синдириб, автобус ичига кирган ва одамларни олиб чиқиб, яраланганларга ёрдам берган.