Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаев истиқомат қилган Қўй-Тош қишлоғи аҳолиси мамлакат президентига мурожаат билан чиқди, деб хабар беради «24.кг».

Фото: «24.кг»

Уларнинг таъкидлашича, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига қарашли «Альфа» махсус бўлинмаси бошлиғи ўринбосари Усенбек Ниязбековнинг ўлимида Атамбаевни қўлга олиш операциясини уюштирганлар айбдор ва куч тузилмаларининг раҳбарлари жавобгарликка тортилиши керак.

«Ҳозирда бизнинг фарзандларимизни таъқиб қилишмоқда, уларга нисбатан жиноий иш қўзғатишяпти. Бироқ асосий масала бу эмас, нима учун махсус операция ўтказилди. Биз ҳукуматга мурожаат қиламиз: давлатни бўлишни ва қонунни бузишни тўхтатинг. Махсус операцияни ўтказганларни ишдан бўшатинг. Агарда шундай қилмасангиз, жамиятимиз бўлиниб кетади», — дейди Қўй-Тош аҳолиси.

7—8 август кунлари Қўй-Тош қишлоғида Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевни қўлга олиш бўйича операция қаттиқ қаршиликка учраган эди. Алмазбек Атамбаев 8 август куни ўзининг Қўй-Тошдаги қишлоғида жойлашган уйида қўлга олинган.