Россиянинг «Федор» номли одамсифат роботи биринчи марта «Союз МC-14» кемасида фазога учирилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.

Фото: «РИА Новости»

Ракета 22 август куни Тошкент вақти билан соат 08:38 да Қозоғистоннинг Байконур космодромидан учирилган. Робот ракета учирилаётган вақтда Юрий Гагариннинг машҳур «Поехали! Поехали!» (Кетдик! Кетдик!) жумласини айтган. Орадан 49 сония ўтгач, кема орбитага чиққан ва Халқаро космик станцияга йўл олган.

«Шу вақтдан бошлаб «Федор» роботи космонавт деб ҳисобланиши мумкин, чунки у Ердан 100 километр баландликдаги шартли масофани босиб ўтди», — дейилади хабарда.

Робот Халқаро космик станцияда бўлган вақтда у билан операторнинг ҳаракатларини такрорлайдиган махсус костюм ёрдамида бир қатор тажрибалар ўтказилади.

«Федор» орбитада 17 сутка давомида бўлади. Кема 6 сентябрь куни ХКСдан ажралиб орбитадан қайтиб келишни бошлайди.