14−15 август кунлари Cурхондарё вилоятидаги «Шарғункўмир» корхонасининг қарийб 200 нафар кончиси иш ташлагани ҳақида хабарлар тарқалди. Норозилик акциясига оғир меҳнат шароитлари ва корхона раҳбариятининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари сабаб бўлгани билдирилган. Мазкур ҳолат юзасидан «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ расмий баёнот берди.

Фото: YouTube

Мутасаддиларга кўра, ушбу холат бўйича махсус ишчи гурух ташкил этилди. «Ўзбеккўмир» АЖ бош директори ўринбосари раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан «Шарғункўмир» АЖ корхонасида ишлаб чиқариш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Тушунмовчиликлар юзасидан барча ишчи-хизматчиларга тўлиқ маълумот берилган, жумладан, ходимларга ойлик маошларини белгиланиш тартиби, мукофот пуллари ҳақида ҳам тушунтириш ишлари олиб борилди. Шундан сўнг ходимлар яна ўз жойларида ишларини давом эттирган.

Махсус комиссия норозилик ҳолатларини атрофлича ўрганиб чиқди. Натижада 9 нафар мансабдор шахс ўз лавозимидан озод этилди. Мазкур корхонада ишчи-хизматчилар учун яратилган шароитлар, иқтисодий-ижтимоий ҳолатни тўлиқ ўрганиш мақсадида ишчи гуруҳ мутахассислари «Шарғункўмир» АЖда ўз ишини давом эттирмоқда.

Маълумот учун, корхонада ўртача иш ҳақи миқдори 2 343 минг сўмни ташкил этади. Жумладан, асосий фаолият билан шуғулланадиган касб эгалари бўйича:

Кўмир қазиб олиш кон ишчиси — 3 800 минг сўм;

Ер ости электр чилангари — 2 100 минг сўм;

Ер ости мустаҳкамловчиси — 2 490 минг сўм.

Корхона ишчиларини ишлаб чиқариш кўрсаткичларига боғланган ҳолда мукофотлаш низомлари ишлаб чиқилиб, тасдиқланган. Бажарадиган ишлари бўйича хронометраж кузатувлар асосида таннархлар белгиланган.

2019 йил 1 август ҳолатига жамиятда тасдиқланган штат жадвали бўйича иш ўрни 596 та бўлиб, амалда ходимлар сони 542 кишини ташкил этмоқда. Бугунги кунда 54 та (жумладан, дирексия 21 та, «Шарғункумир» АЖ бўйича 33 та) вакант иш ўрни мавжуд.