Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбари, муфтий Усмонхон Алимов ва Президент маслаҳатчиси Рустам Қосимов Чеченистондаги пайғамбар Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам номидаги масжиднинг очилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда Узнеwс хабар қилади.

Фото: Узнеwс

24 август куни Чеченистон республикаси раҳбари Рамзан Қодиров Грознийда Президент маслаҳатчиси Рустам Қосимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясини қабул қилди. Рамзан Қодировга давлат раҳбари томонидан юборилган қимматбаҳо совға топширилди.

Ўзбекистон делегацияси Чеченистондаги Шали шаҳрига пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) номидаги «Мусулмонлар ифтихори» масжиди очилиши маросимида иштирок этиш учун келди.

Фото: Узнеwс

«Бизнинг халқларимиз мустаҳкам дўстона алоқаларга эга ва биз муносабатларимизни янада ривожлантириш ва кенгайтиришдан манфаатдормиз. Биз Ўзбекистонга чуқур ҳурмат билан ёндашамиз», — деб ёзди Рамзан Қодиров ўзининг ВКонтакте саҳифасида.

Шунингдек, у Ўзбекистонда Чеченистоннинг биринчи президенти Аҳмат Ҳожи Қодиров Ислом илмларини ўрганганлигини эслади.

«Рустам Қосимов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг табрикларини етказди. У Чеченистонда рўй берган ижобий ўзгаришлардан ҳайратда эканлигини билдирди. Учрашув давомида Рустам Қосимов менга жуда қимматбаҳо совғани - Тошкентдаги Мўйи Муборак мадрасасида сақланадиган энг қадимий Қуръон қўлёзма нусхасини тақдим этди. Азиз меҳмонимизга миннатдорчилик билдирдим. Қардош Ўзбекистон Республикасига келгусида муваффақиятлар, равнақ ва фаровонлик тилайман!», — дея сўзларини якунлади Чеченистон раҳбари.