Профессионал бокснинг супер енгил вазн тоифасида (-63,5 кг) рингга чиқаётган Шаҳрам Ғиёсов (8 та жанг, 6 та нокаут) ўзининг навбатдаги жангини Тошкент вақти билан 25 август тонгида ўтказди.

Фото: Twitter

Ғиёсов колумбиялик собиқ жаҳон чемпиони Дарлис Пересга (34 та ғалаба, 4 та мағлубият, 2 та дуранг, 22 та нокаут) рақиблик қилди. Мексиканинг Эрмосилё шаҳридаги Sentro de Usos Multiples аренасида бўлиб ўтган бокс оқшомида Шаҳрам WBA International чемпионлик камарини муносиб ҳимоя қилди.

Ўзбекистонлик боксчи 10 раундга мўлжалланган жанг биринчи раундининг 30 сониясидаёқ Пересни чап қўлда берилган кучли зарбаси орқали нокаутга учратди.

Натижада Шаҳрам Ғиёсов профессионал боксдаги тўққизинчи ғалабасини нокаут орқали қўлга киритди.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги марта Ғиёсов 26 апрель куни Инглвудда бўлиб ўтган бокс оқшомида америкалик Эмануэл Тейлорни (20 та ғалаба, 6 та мағлубият, 14 та нокаут) мағлубиятга учратиб, WBA International чемпионлик камарини қўлга киритганди.

 Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!