Кеча, 26 август куни Сурхондарёда катта археологик кашфиёт амалга оширилгани эълон қилинди. ОАВда чиққан хабарларга кўра, тарихий манбаларда тилга олинган, Александр Македонский томонидан асос солинган Окс Александрияси шаҳрининг харобалари аниқланган.

Хабар атрофида ҳар хил тушунмовчиликлар келиб чиқди. Ушбу мақолада барча тушунмовчиликларга ойдинлик киритамиз, шунингдек, баъзи саволларга жавоб берамиз, жумладан: Окс Александрияси янги очилдими, ёки бу эски топилмами? харобалар айнан шу шаҳарга тегишлилиги қандай аниқланди? умуман, бу янгиликка ишонса бўладими?

Фото: Sputnik

Янги тарихий ёдгорлик очилдими?

Йўқ. Сурхондарёда жойлашган Кампиртепа ёдгорлиги кўпдан бери маълум – у 1972 йили очилган. Бу ёдгорлик 6-синф Ўзбекистон тарихида, Кушон давлати ҳақидаги бўлимда тилга олинган ҳам. Дарвоқе, Кампиртепани очган археолог Эдвард Васильевич Ртвеладзенинг ўзи бўлади.

1979 йилда Ўзбекистон санъатшунослик экспедицияси бошлаган археологик қазишма ишлари 1992 йилгача давом этиб, ёдгорликнинг асосан Кушон подшоси Канишка I даврига оид (тахминан милодий 100–123 йиллар) қисмини ўрганди.

Шу билан бирга, Юнон-Бақтрия даврига оид тангалар топилиши шаҳар аслида эскироқ эканлигини кўрсатди. 1999 йили ташкил этилган Тохаристон археологик экспедицияси 2000 йилдан бошлаб ёдгорликнинг эллинистик даврга оид қисмини ўрганиб келмоқда. Бу тадқиқотлар давомида Кампиртепа милоддан аввалги IV аср иккинчи ярмида қурилган фрурион – мудофаа қалъаси эканлиги аниқланди. Кейинчалик қалъа меъморчилиги ва функциялари бир неча бор ўзгартирилиб, Кушон даврида карвонларга хизмат кўрсатувчи божхона ва савдо шаҳарчасига айланган.

Ўрта Осиёда юнон шаҳарлари қандай пайдо бўлган?

Эллинистик давр деганда жаҳон тарихида Александр Македонский (милоддан аввалги 356–323 йиллар) истилосидан сўнг бошланган давр тушунилади. Македонскийнинг юришлари натижасида бирлаштирилган, Европа жануби-шарқидан Ҳиндистонгача чўзилган ҳудудда ягона маданий ва сиёсий муҳит юзага келди: бу ерда юнонлар ҳукм сурар, улар ўз маданиятини бошқа халқларга ёяр, айни пайтда Шарқдан ҳам кўп нарса олар эди. Тарихчиликда бу глобаллашувнинг дастлабки мисоли сифатида кўрилади.

Александр Македонскийнинг Доро III билан жанги акс эттирилган эллинистик девор сурати, Миср

Ана шундай шароитда бутун Шарқда юнонлар томонидан юнонча анъаналар асосида кўплаб шаҳарлар, қалъалар ва истеҳкомлар қурилган. Бу ишни Александрнинг ўзи бошлаб берган – у эгаллаган ерларни қўриқлаш, бу ерга юнонларни жойлаштириш учун қалъалар ва шаҳарлар қура бошлаган. Жумладан, Сирдарё бўйида форс подшоси Кир II (милоддан аввалги 559–530 йилларда ҳукм сурган) томонидан қурилган Кирэсхата қалъасини қайта тиклаб, Александрия Эсхата деб номлагани айтилади (бу қалъа ҳозирги Хўжанд шаҳри ўрнида бўлгани тахмин қилинади). Шунингдек, Македонскийдан сўнг ҳокимиятга келган кўплаб юнон сулолаларидан бири – Селевкидлар вакили Антиох I (милоддан аввалги 324–261 йиллар) Амударё бўйида Антиохия Тармита шаҳрини қурган – унинг харобалари Эски Термиз деб номланади.

Манбаларда, шунингдек, Александр Македонский Амударё бўйида Окс Александрияси номли шаҳар (ёки қалъа) қурдиргани айтилади.

Окс Александрияси қаерда жойлашган?

Жаҳон тарихчилигида Окс Александрияси локализацияси бўйича икки асосий тахмин мавжуд:

1) Окс Александрияси кейинчалик Антиох I томонидан қайта қурилиб, Антиохия Тармита деб номланган, яъни бу иккиси бир шаҳардир. Агар бу тахмин рост бўлса, унинг харобалари Эски Термиз ёдгорлигида жойлашган (Термиз шаҳри яқинида);

Эски Термиз.
Фото: «Қирққиз»

2) Афғонистоннинг Таҳор вилоятида, Амударёнинг жанубий соҳилида Ойхоним ёдгорлиги аниқланган. 1965–1978 йиллар орасида Француз археологик экспедицияси олиб борган қазишма ишлари давомида у ерда йирик эллинистик шаҳар очилган. Ҳозир кўпчилик тарихчилар Ойхонимни Окс Александрияси харобалари деб билади.

Ойхонимдан топилган юнонча капитель – устуннинг юқори қисми.
Фото: Экспедиция материаллари

2000 йилдан кейин олиб борилган қазишма ишларидан сўнг Кампиртепанинг эллинистик даврга оид қисми очилгач, ўзбек археологи Ртвеладзе учинчи версияни таклиф қилди. Унга кўра, Окс Александрияси харобалари Кампиртепада жойлашган.

Энди асосий саволга келдик: олим қандай исбот-далиллар асосида бундай хулосага келган?

Кампиртепанинг қадимги кўриниши қандай бўлган? Анимацияга ишонса бўладими?

Ёзма ёдгорликлардаги маълумот етарли бўлмаганида у ёки бу тарихий шаҳарнинг ўрнини аниқлашда олимлар одатда шаҳарнинг жойлашувига, меъморчилигига эътибор қаратади. Ртвеладзенинг ҳам асосий аргументлари Кампиртепанинг жойлашуви ва қурилиши билан боғлиқ.

Ҳозирча на ёдгорликни кўриш, на қазишмалар ҳисоботлари билан танишиш имкониятига эга бўлмаганим учун фақат Ртвеладзе муаллифлигидаги «Кампиртепа – Окс Александрияси: Окс бўйидаги шаҳар-қўрғон» брошюрасида келтирилган маълумотга таянишга мажбурман.

Шаҳар меъморчилиги таҳлилига ўтишдан олдин бир кириш қилиб олайлик. Ҳар бир тарихий даврнинг ўзига хос меъморчилик анъаналари бўлади: турли даврларда одамлар турли иншоотларни турли қиёфада қурган. Уларнинг шаклига қараб ҳам даврни тахминан аниқлаш мумкин.

Юқоридаги брошюрада археологик ёдгорликнинг структураси тавсифланган ва, келтирилган маълумотларга ишонсак, унда эллинистик ҳаёт элементлари бўлган, хусусан, теменос – меҳроблар ва ибодатхоналар жойлашган диний ҳудуд аниқланган, донли экинлар ва узум сақланадиган катта кўзалар – пифослар топилган. Шу билан бирга, умумий тавсиф менда шаҳар бутунлай эллинистик қиёфага эга деган тасаввур уйғотмади. Назаримда, унда маҳаллий шаҳарсозлик анъаналари ҳам акс этган.

Ёдгорлик ҳақидаги тасаввуримиз аниқроқ бўлиши учун Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан тайёрланган видеога мурожаат этамиз. Унда Кампиртепанинг ўтмишдаги қиёфаси жуда чиройли қилиб тасвирлаб берилган.

Қўмита вакилларига кўра, ролик Тохаристон археологик экспедицияси тадқиқотлари материалларига ҳамда Санъат институти маълумотларига асосланади. Ишга шаҳарни ўрганган тарихчи ва археологлар жалб этилган. Шаҳар меъморий қиёфаси аниқ тикланган. Бу ишда Шокир Пидаев, Абдуманноб Зияев, Эдвард Ртвеладзе сингари кўзга кўринган олимлар иштирок этган. Анимацияни Шерзод Носиров бошчилигидаги профессионал видеоаниматорлар ва меъморлар яратган.

Видеони кўргач, менда бир қатор саволлар туғилди:

1) Ртвеладзенинг брошюрасида таъкидланишича, қазишма ишлари ёдгорликнинг фақат шимоли-ғарбий қисмида олиб борилган, яъни шаҳарнинг тўртдан бир қисми очилган, қолган қисмларни анимацияда кўрсатиш учун археологик маълумот бўлмаган. Қўмита вакилларининг жавобига биноан, қолган қисмларни тиклашда ҳудуд релефи ҳамда дунёнинг бошқа қисмларидаги шаҳарлар меъморчилиги инобатга олинган;

2) Анимацияда биз эллинистик даврга эмас, Кушон даврига оид меъморий ечимларни кўрамиз.

Қуйидаги скриншотда Кушон даврига хос типик айвонли уйни кўришингиз мумкин. Кушон даврида кўпгина йирик уйлар, саройлар, ибодатхоналар шу шаклда қурилган.

Видеодан кадр

Уни Ойхонимдан топилган устунлар билан қиёслаб кўринг. Умуман, Ойхоним суратларидан юқоридаги сингари иншоотларни топа олмадим.

Ойхонимдан топилган устунлар. Улар маҳаллий чойхонага олиб кетилган.
Фото: Экспедиция материаллари

Назаримда, ёдгорликнинг умумий планировкаси ва меъморчилиги антик шаҳарларникига ўхшамайди.

Кампиртепа реконструкцияси.
Видеодан кадр

Кампиртепанинг 3D макетини йирик антик шаҳар – Пергамнинг макетига қиёслаб кўринг.

Пергам шаҳри макети.
Фото: Wikipedia

Анимация муаллифлари билан, айниқса профессионал тарихчи ва археологлар билан талашиш ниятим йўқ – бунга билимим етмайди. Лекин мана шу деталга фақат мен эмас, яна бир қанча блогерлар, журналистлар ҳамда мавзуга қизиқувчи бошқа касбдаги инсонлар эътибор қаратди (каналимда масалани кўтариб чиққанимдан сўнг шу ҳақда кўплаб фикрлар ва маълумотлар келиб тушди). Ёдгорликнинг тақдимот маросимида иштирок этган ҳамкасбларимдан бирининг эътиборини бунга тортганимда, у «анимация – шунчаки мультфильм» эканлигини тан олди. Унинг бу сўзлари Туризмни ривожлантириш қўмитасидан олган маълумотимга мос келмаяпти. Қўмита вакиллари бу масалага ойдинлик киритса мақсадга мувофиқ бўларди.

Шундай қилиб, Кампиртепа ростдан ҳам Окс Александрияси эканлигини исботлайдиган муҳим жиҳатлардан бири – шаҳар меъморчилигида англашилмовчилик келиб чиқяпти. Энди бошқа аргументларга ўтамиз.

Ртвеладзенинг далиллари

Ртвеладзе брошюрасининг иккинчи қисмида Окс Александрияси ҳақидаги версияларни (юқорида кўриб чиқдик) кўриб чиқиб, уларга баҳо беради. Ойхоним ва Эски Термиз версияларига қарши у қуйидаги аргументларни келтиради:

1) Юнон географи Клавдий Птолемейнинг хариталарида Окс Александрияси Амударёнинг ўнг қирғоғида жойлашган, Ойхоним эса дарёнинг чап қирғоғида;

2) Ойхонимдаги иншоотлар квадрат шаклидаги хом ғиштдан қурилган, бундай ғиштлар эса минтақада милоддан аввалги III аср ўрталаридан, яъни Александр Македонскийдан 80 йил кейин урфга кирган;

3) Икки ёдгорликдан ҳам Александр Македонский даврига оид археологик қатламлар аниқланмаган.

Ртвеладзе ўз назариясини ҳимоя қилиб, қуйидаги далилларни келтиради:

1) Ойхоним ва Эски Термиздан фарқли равишда, Кампиртепа Александр Македонский даврида қурилганини у ёки бу даражада кўрсатувчи далиллар бор. Ҳарқалай, қалъага милоддан аввалги IV аср иккинчи ярмида асос солинган;

2) Македонский томонидан Амударё бўйида қурилган битта фрурион-қалъа ҳақида маълумот бор – Окс Александрияси. Кампиртепа ўша қалъа бўлса керак.

Фото: Sputnik

Бу аргументларни рад этадиган деталлар бор. Аввало, гап юқорида кўриб чиқилган меъморчилик ҳақида гап кетмоқда. Александр даврида юнонлар бундай қалъа қурганига ишониш қийинроқ. Боз устига, бу айнан Окс Александрияси эмас, ўша даврда, ҳатто юнонлардан ҳимояланиш мақсадида қурилган қўрғон бўлиши мумкин.

Энг муҳими мана бунда: Ртвеладзенинг ўзи ҳам комил ишонч билан Кампиртепа аниқ ўша қалъа деб ёзмайди. «Афтидан, шу бўлса керак», дейди. Тарихчиликда, айниқса ёзма манбалар камлигида, 100 фоизлик ишонч билан бундай хулоса қилиш деярли имконсиз.

Шундай экан, яна савол туғилади: унда нега Кампиртепа аллақачон Окс Александрияси деб эълон қилиниб, тақдимоти ўтказиб юборилди?

Тарихчилик ва PR

Ҳозирча бир нарсани аниқ айтишим мумкин: «Сурхондарёдан Окс Александрияси топилди» шаклидаги сарлавҳалар алдамчидир. Аввало, топилма эски, шунчаки унинг тарихи бўйича янги гипотеза илгари сурилди. Иккинчидан, ҳали илмий ҳамжамият бу гипотезани қабул қилгани йўқ. Шундай экан, «оламшумул кашфиёт» ҳақида гапиришга ҳали эрта. Бу масалада шошқалоқлик қилинмоқда.

Назаримда, гипотезадан хабар топган туризм амалдорлари ундан PR мақсадида фойдаланишга қарор қилган. Бу ҳаракатни бутунлай салбий деб баҳоламайман: йирик археологик ёдгорлик реклама қилиниб, туризм объектига айланиши шубҳасиз ижобий ҳолат. Устоз Ртвеладзе улкан тадқиқотни амалга оширгани ҳам шубҳасиз, унинг меҳнати эътироф этилаётгани эса ажойиб тенденция. Асосий муаммо ҳали тасдиқланмаган гипотезанинг сарлавҳаларга олиб чиқилгани ҳамда мавзуни ёритишда сусткашликка йўл қўйилганидир, зотан, тадбирга йирик нашрлар журналистларини таклиф қилинганини ҳам кўрмадим, соҳа экспертларининг фикрлари, мақолалари берилганини ҳам кузатмадим – ҳаммаёқда умумий гаплар такрорланди холос.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.