«Дарё» колумнисти анъанавий рукнда ўтган ҳафтада муҳокама қилинган асосий ижтимоий масалаларга тўхталиб ўтади.

Бу кунлар яқинлашаётганда мардикорлар яширинишга интилади. Яширинмаганларини посбонлар тутиб маҳкамага топширади ва жарима солади. Уйсизлар бирор тешик топиб бекиниб ўтиришга ҳаракат қилади, акс ҳолда ўзини бошқа жойда кўради. Милиция, Миллий гвардия ва бошқа орган ходимлари уйига кеч ва асабий қайтади. Хотини келтирган овқатни иштаҳасизлик билан татиб, ухлаб қолади. Алоқ-чалоқ тушлар узра барвақт уйғониши ва сўфи азон айтмасданоқ ишга отланиш керак ахир. Жиноятчи тонг экан, тадбир экан, деб кутиб турмайди.

Шубҳа туғдирган ўткинчилар тўхтатилиб бемалол тинтиб кўрилади. Сумкасини, чўнтакларини... Соқоли борларга уйдан чиқмай ўтириш тавсия этилади. Бўлмаса, маҳкамада соқолини олиб қўйишади.

Фото: Google Photos

Ҳайдовчилар... ҳар доим балогардон ва уддабурон ҳайдовчилар йўловчиларнинг ҳужжатини сўраб машинасига олади. Автомобилига иложи борича кўп юк олмасликка ҳаракат қилади – суриштириб қолишлари мумкин. Илтимос қилишса, «уч-тўрт кун ўтволсин, ока» дейишади. Аммо йўловчи ташувчилар ўзларини асло ранжитишмайди. Нархни икки бараварга кўтаришади. Ўз шаҳрига қайтаётган йўловчиларни энг аввало йўлкира баҳоси ташвишлантиради. Аслида-ку, уч-тўрт кунда ҳаммаси изига тушади, аммо шу кунда уйга бормаса бўлмайди-да, чўнтакни чуқурроқ кавламаса қийин. Пулингиз йўлкирага етмаса, саломат бўлинг.

Қурилиш иншоотларида иш қизигандан қизийди. Фасадни ёп, деворни бўя, ромни ўрнат, плиткани тер, ҳа, бўл. Ахир иншоот шу кунга атаб топширилади. Бунинг учун тунги сменада ҳам ишлашади. Тунги иш кундузгидек бўлармиди? Жиндек шошмай, кейинроқ топширсанг, шу иморатинг пишиқ бўлади-ку. Йўқ, шу кунда топширмаса бўлмайди. Апил-тапил қўл учида битириб топширилади ҳам. Девори шўрлаган, тунукаси шамолда учган, плитаси қулаган, бўёғи кўчган, ертўласида сув чиққан иморатлар қаердан пайдо бўлади? Албатта, булар шу кунга аталган шошмашошарликлар мевасидир.

Кўп гапирвордим. Қайси кун ҳақида гапираётганимни тушунган бўлсангиз керак. Энди кўп гаплашмай бу ердан кетайлик. Биздан ҳам шубҳаланишлари мумкин.

Андижон ҳокими, «фойдали чақимчилик» ва Навоийнинг насиҳати

Ҳафта ижтимоий муаммолари учун мавзу қидириш шарт эмас, ўзи оёқ остидан чиқади, Telegram’дан келади ва ҳоказо.

Фото: «Kun.uz»

Биринчи ҳолат. Мансабдорларимиз омон бўлса, сира муаммо қидириб юрмаймиз. Навбатдаги қовуннинг энг ширинини Андижон шаҳри ҳокими туширди. Гарчи сайтлар сирли бир маълумотни беркитгандай «интим фотосуратлар сайтда мавжуд бироқ кўрсатилмайди» дея гердайиб хабар берган бўлса-да, кўрмаган қолмади. Ҳокимбува ишдан ҳам кетди.

Бу воқеанинг бошқа жиҳатига тўхталмоқчиман. Ҳокимнинг интим фотоси тарқалиши ишдан озод қилинишига олиб келди. Аммо унинг ходимларни сўкишида машҳур «шакал», деган иборасини билмаган йўқ эди. «Бюджетник»ларни қиммат кўчат олишга мажбурлагани учун Бош вазирдан огоҳлантириш ҳам олганди. Аммо унинг амалидаги хатоси эмас, шахсий хатоси айб деб қаралди. Қоришма нормаларимиз қизиқ – ходимларни ҳақоратласа бўлади, бюджетни талон-торож қилиш мумкин, аммо бир аёл билан кийимсиз расминг тарқалса, урди Худо. Кечирасиз, аммо интим расми тарқагани шахсий масала. Жуфтлик келишиб «бир оиламиз» деб даъво қилса, ҳеч нарса дея олмайсиз. Ҳатто суд исботлаши жуда қийин. Қанчадан-қанча амалдорнинг 2-,3-,4-хотини бор. Ётоқдаги сурати тарқалиши албатта яхши эмас, бироқ шахсий масала орқасидан амалдорнинг ишдан бўшатилиши ғалати. Биз ўрганаётган Ғарбда бундай расмларга жиддий қаралмайди, ҳатто интернетда оилавий... ҳа, бўпти, суюлмайлик, аммо давлат мулкини талон-торож қилганни қаттиқ жазо кутади.

Скрин: «Дарё»

Иккинчи ҳолат. Ҳурматли уламоларимизнинг бир саволга жавоби бизни яна ёзишга ундади. «Йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчини видеога олиб жаримадан беш фоизини ўзлаштириш яхшими-ёмонми?» деган саволга диний нашр ҳайъати «Инсон хатодан холи эмас. Сиз кимнидир айбини беркитсангиз Аллоҳ сизни ҳам айбингизни беркитади», деб жавоб берибди. Бизнинг назаримизда шахсга оид айбларни яшириш олқишланади. Сизга жабр қилганнинг айбини яширмоқчимисиз? Марҳамат, мард инсонлигингиз таҳсинга лойиқ. Лекин кишининг айби жамиятга зарар келтирса, хусусан, катта фожиага олиб келиши муқаррар бўлса, унинг айбини яшириш эмас, фош этиш ва жазоланишига эришиш лозим. Болалар ўйнайдиган кўчангизда тезлик 10 километр/соат этиб чекланган бўлсаю, бир ўпка олтмиш тезликда юрса, насиҳатингизни олмаса, айбини яширасизми? Ҳеч қачон. Бундайларни фош этиш ва жавобгарликка тортиш керак. Чунки унинг айби туфайли жамият зарарга учраши мумкин.

Бу икки ҳолат ўртасидаги параллелга диққат қилинг. Биз шахсий масала билан ижтимоий масалани чалкаштириб ҳукм ясашга ҳаққимиз йўқ. Блогпостимизни фалсафий кўтаринки руҳда тугаллаш учун Навоий бобомиздан бир байтни тиркаб қўямиз:

Юз жафо қилса манга бир қатла фарёд айламон,

Элга қилса бир жафо, юз қатла фарёд айларам.

Сарвар уста

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

Аввалги ҳафта ижтимоий муаммолари: