Фарғона вилояти божхона бошқармаси тасарруфидаги «Риштон» чегара божхона пости барча фуқаролар ҳамда енгил автомашиналар ҳаракати учун очилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.

Фото: «Дарё»

Натижада Сўх туманидан вилоят марказигача бўлган масофа қарийб 42 километрга қисқарди.

Очилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев, Қирғизистон Республикаси Боткент вилояти губернатори Акрам Мадумаров ва икки мамлакатнинг бир қатор расмий шахслари иштирок этди.

Фото: «Дарё»

«Риштон» божхона чегара пости шу кунга қадар фақатгина Риштон тумани ҳамда Қирғизистоннинг Қадамжой тумани фуқароларининг пиёда ҳаракатланишлари учун очиқ эди. Сўх тумани аҳолиси бир неча йиллар давомида вилоят марказига келиш учун соатлаб вақт сарфлаб, «Водил» божхона чегара пости орқали қатнарди.

Фото: «Дарё»

2013 йил январь ойида содир бўлган воқеалар оқибатида Фарғона вилоятининг Сўх туманига олиб борувчи Риштон йўли ёпилиб, «Водил» пости ягона қатнов йўли ҳисобланарди.