28 август куни ижтимоий тармоқларда Самарқандда Spark ва Nexia машиналари ҳайдовчилари итни босиб ўтишга уринаётгани видеоси тарқалди.

Фото: YouTube

Олдин бунга Nexia ҳайдовчиси уриниб кўради, шундан сўнг Spark ҳайдовчиси уч марта ҳаракат қилди. Буларнинг бари милтилловчи кўк-қизил чироқларини ёқиб олган патрул-пост хизмати автомобили ёнида рўй берди. ППХ ходими эса итга тош улоқтиради.

Вилоят ИИБ матбуот хизмати хабарига кўра, 28 август куни соат 1:30 да Самарқанд шаҳар давлат санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан шаҳарда бир гуруҳ фуқароларни ит тишлагани ҳақида шошилинч хабарнома келиб тушган.

Шу хабарга асосан соат 3:00 да шаҳар ИИБ ППХБ ва ЖЦБ карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ходимлари ва ит овлаш бригадаси воқеа жойига етиб бориб, қутурганликда гумон қилинган итни ушлаш чораларини кўрган.

Ушбу жараёнда ит тадбир иштирокчиси бўлган ички ишлар ходимига ҳам ташланган. Шу сабабли итни ушлашда зарур чоралар кўришга тўғри келган.

Одамларга ташланган ит ушлангач, шаҳар ветеринария бўлими томонидан вилоят ветеринария бошқармаси вирусология лабораториясига юборилган.

Маълум бўлишича, ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган видеода акс этган ит 15 нафар фуқарога ташланиб, уларга жароҳат етказган. Бу фуқароларнинг барчаси шифохонага ётқизилиб, антирабик эмлаш курси олиб борилмоқда.

Қуйида — шафқатсизлик акс этган видео; кўнгли бўшларга қуйидаги видеони кўриш тавсия этилмайди