Google компанияси iOS операцион тизимида бошқарилувчи қурилмаларга сўнгги икки йил ичида жуда кўп ҳужумлар бўлгани ва бу 2019 йилнинг февралидагина тўхтатилганини маълум қилди, деб хабар беради Meduza.

Фото: EPA

Ҳужум операцион тизимдаги нуқсон сабаб амалга оширилган ва бунда асосан iOS’нинг 10—12-версияларида ишловчи қурилмалар зарар кўрган. iPhone фойдаланувчилари шунчаки зарарланган сайтга кириши керак бўлган холос, натижада ҳакерлар унинг геолокацияси, хабарлари ва файлларига кириб олган.

Шунингдек, ҳакерлар телефонга iPhone’да сақланувчи ҳар қандай сертификатдан фойдаланиш имконини берадиган махсус имплантни жойлаштириш имконига эга бўлган — бу эса WhatsApp ва Telegram мессенжерларидаги ёзишмаларни ўқиш имконини берган. Қурилма бир марта ўчириб ёқилгач, жосус-дастур автоматик равишда ишлашдан тўхтаган, бироқ ҳакерларда пароллар ҳақида маълумот қолаверган.

Google’нинг маълумотларига кўра, ҳужумлар оқибатида ҳар ҳафтада минглаб iPhone’лар зарарланган. Motherboard’нинг қайд этишича, мазкур ҳолат Apple телефонлари тарихидаги энг йирик ҳужум ҳисобланади.

Google iOS’даги камчиликни 2019 йил 1 февраль куни Apple’га маълум қилган. Орадан бир неча кун ўтгач, Apple ушбу нуқсонни бартараф этиб, iOS’нинг янги версиясини чиқарган.