Шаҳардаги ташкилотларнинг бизнес-маълумотномаси ва 3D-харитасини ўз ичига олган дастурни ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи 2GIS халқаро IT-компанияси Ўзбекистонда иш бошлади. Компания Тошкентдаги бинолар ҳақида батафсил маълумотларни ўз ичига олган дастурни тақдим этди. Бу ҳақда компаниянинг Instagram’даги саҳифасида маълумот берилган.

Фото: 2GIS

«Бугун Тошкентда 2GIS маълумотномаси ва харитаси пайдо бўлди. Бу бепул дастур бўлиб, керакли манзилларни топиш, автобуслар йўналишини кузатиш, автомобиль учун навигаторни ёқиш, компаниялар ҳақида бирор бир фикр қолдириш, уларнинг телефон рақамлари, иш вақтларини билиш ва бошқа кўплаб маълумотларни топишга ёрдам беради», — дейилади хабарда.

Spot’нинг ёзишича, 2GIS компанияси Ўзбекистонда иш бошлаш ниятида эканлиги ҳақида 2019 йилнинг бошларида маълум бўлганди. Ўшанда компания колл-марказ учун операторларни қидиришни бошлаган эди. У вақт сервисда Тошкент шаҳрининг харитаси деярли мавжуд эмасди:

Фото: Spot

Энди эса нафақат шаҳар харитасининг батафсил кўринишини, балки шаҳардаги у ёки бу бинодаги қандай компаниялар жойлашганини ҳам кўриш мумкин. Масалан, «Ўзбекистон» меҳмонхонаси биносида:

Фото: Spot

Ўзбекистон мазкур сервис ишлайдаги жаҳондаги ўнинчи давлатга айланди. Ҳозирча сервисда Ўзбекистон бўйича фақат Тошкент ҳақида маълумот олиш мумкин.

Компаниянинг маълум қилишича, харитада 217 мингдан ортиқ бино, маълумотномада эса 35 мингдан ортиқ ташкилот ҳақида батафсил маълумот бор.

«2GIS мутахассислари 37 мингдан ортиқ турар жой биноларидаги подездларнинг квартиралар диапазони билан маълумотларини тўплади. Бу квартира рақамига қараб, қайси подездга кириш лозимлигини билиб олиш имконини беради», — дейилади компания хабарида.

Харитада «Сузук ота» мажмуаси, «Минор» масжиди, Темурийлар тарихи музейи, «Чорсу» бозори ва Нехт савдо марказининг 3D-моделлари бор.