Хакерлар Twitter микроблоглар хизмати асосчиси ва ижрочи директори Жек Дорсининг аккаунтини бузиб, унинг саҳифасида ирқий камситувчи ва яҳудийларга қарши фикрларни эълон қилди.

The Verge’нинг хабар беришича, ушбу ҳақоратли твитлар Дорсининг саҳифасида 10 дақиқага яқин вақт давомида турган, сўнг ўчириб ташланган.

Twitter вакилларининг маълум қилишича, хакерлар номи ошкор этилмаган мобил операторнинг хавфсизлик тизимидаги носозликдан фойдаланиб, Дорсининг аккаунти орқали тармоққа киришга муваффақ бўлган. Ҳуқуқбузарлар твитларни телефондан юборилган матнли хабарлар орқали чоп этган.

The Verge’нинг қайд этишича, Дорсининг Twitter’даги саҳифаси, катта эҳтимол билан, аввалроқ бошқа машҳур блогерларнинг аккаунтларига ҳужум қилган Chuckle Squad гуруҳи томонидан бузилган. Кўплаб жабрланувчилар хакерлар уларнинг саҳифаларини AT&T мобил операторидан блогерларнинг исмини кўрсатиб, янги SIM-карталар олиш орқали бузган, деган фикрда.

Meduza’нинг эслатишича, Жек Дорси — Twitter’нинг асосчиларидан бири. У 2006 йилда чоп этилган энг биринчи твитнинг муаллифи ҳисобланади. Forbes унинг бойлигини 4,1 миллиард долларга тенг, деб баҳолайди.