Деярли 20 йиллик лойиҳалаш ва йиғиш ишларидан кейин XXI асрнинг энг кутилган телескопи – Жеймс Уэбб ниҳоят тўлиқ ясаб бўлинди. NASA’нинг энг асосий телескопи мақомида «Хаббл» телескопининг ўрнини эгаллаши учун қурилган «Жеймс Уэбб» яқин орада ўзининг асосий вазифасини бажаришга – коинотни тадқиқ қилиш ва улкан масофалар туфайли киши кўзидан пинҳон бўлган нарсаларни топишга киришиши кутилмоқда.

«Жеймс Уэбб» телескопи қандай ишлайди?

«Жеймс Уэбб» космик телескопи шу пайтгача коинотга чиқарилган телескоплар ичида энг катта, кучли ва мураккаб орбитал расадхона бўлади. У «Хаббл»дан кўра етти карра яхшироқ нур тўплаш хусусиятига эга, шунингдек, инфрақизил тўлқинларни визуализация қилиш борасида ҳам бошқалардан устун бўлади. Олимлар биздан энг-энг олисдаги объектларни ҳам кўриш мумкин бўлишига умид қилмоқда.

Фото: «Hi-Tech.ru»

Инфрақизил нурлар диапазонида ишлайдиган махсус телескопни орбитага чиқариш ғояси даставвал 1990 йиллар ўрталарида майдонга чиққан бўлиб, ўшандан буён «Жеймс Уэбб» телескопи лойиҳаси бир неча марта муваффақиятсизликка йўлиқди. Телескопни аввалига 2007 йилдаёқ учиришни режа қилинган эди. Бироқ йиғиш давомида дуч келинган кўплаб техник муаммолар сабабли лойиҳа кечикаверган.

Гап шундаки, янги авлод телескопи бўлмиш «Жеймс Уэбб» Ер–Қуёш тизимининг Л2 Лагранж нуқтаси деб номланадиган жойида, сайёрамиздан тахминан 1,5 миллион километр олисликдаги очиқ коинотга чиқарилиши режалаштирилган. Бу эса ҳатто Ойдан ҳам бир неча баробар олис масофадир. Бундай олис масофа эса телескопнинг техник ечимлари учун муайян қатъий шартларни жорий қилади. Чунки техник объект қанчалик олисга жўнатилса, техник хато туфайли ундан мосуво бўлиш хатари шунчалик катта бўлади (инсон қўли билан қиммат пулга ясалган матоҳ шунчалик олисда жойлашар экан, арзимаган техник хатолик сабабли ундан айрилиб қолиш жуда аламли бўлади албатта). Бошқача айтганда, агар бирор исталган сабаб билан телескопнинг техник жиҳозлари ишдан чиқса, бориб уни таъмирлаб келишнинг иложи бўлмайди.

«Жеймс Уэбб» телескопи нимага керак ўзи?

Доҳиёна муҳандислик ечимига кўра, ушбу инфрақизил нурлар телескопи бир вақтнинг ўзида бир неча вазифани бажариши мумкин. Телескопга ўрнатилган замонавий аппаратура одамзотга жуда қадимги структураларни, ҳаттоки Катта портлашдан кейиноқ дарҳол пайдо бўлган нарсаларни кўришга ҳам имкон беради. Бундан ташқари, биз ҳаёт мавжуд бўлиши мумкин бўлган экзосайёралар ҳақида янги маълумотлар олишимиз ва ҳаттоки уларда ҳаёт мавжудлигини аниқлашимиз мумкин бўлади.

«Жеймс Уэбб» телескопи қачон учирилади?

Юқорида айтилганидек, «Жеймс Уэбб» тарихдаги энг катта, кучли ва мураккаб орбитал расадхонага айланади. Гарчи ҳозирда телескоп тўлиқ йиғиб бўлинган бўлса-да, мутахассислар олдида ушбу фавқулодда мураккаб ускунани синаб кўриш ва текшириш билан боғлиқ бўлган ҳали яна катта ҳажмдаги тажриба-синов ишлари турибди. Масалан, мутахассислар телескопнинг беш қаватли иссиқлик экранининг тўғри ёйилишини ва керакли шаклга киришини текшириб, синаб кўриши керак. Бир миллион километр олис коинотга чиқариб бўлгандан кейин синаб кўриш эса соғлом ақлга сиғадиган нарса эмас. Шунга кўра, профессионал ва ҳаваскор астрономлар интиқиб кутаётган жараён – «Жеймс Уэбб» телескопининг коинотга чиқарилиши 2021 йилдан эрта муддатда содир бўлмайди. Доҳиёна муҳандислик шедеври бўлган ушбу космик расадхонани насиб қилса 2021 йилда Л2 Лагранж нуқтасига учирилишига гувоҳ бўламиз.