«Дориан» тўфони сабаб Багам оролларида беш киши ҳалок бўлди, деб хабар беради «Коммерсантъ».

Фото: «RG.ru»

Багам ороллари бош вазири Хьюберт Минниснинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганлар сони ортиши мумкин, чунки электр энергиясидаги носозликлар ва вайроналар жабрланган ва ҳалок бўлганларни қидириш ишларини қийинлаштирмоқда.

Асосан Катта Багам ва Абако оролларига зарар етган бўлиб, 13 мингга яқин уй тўлиқ вайрон бўлган.

АҚШ тўфонларни кузатиш миллий маркази «Дориан» тўфонини Саффир-Симпсон шкаласи бўйича тўртинчи даражага — «катта талафот»га киргизди.

Виржиния штати губернатори Ральф Нортем ўзининг Twitter’даги саҳифасида маълум қилишича, штатда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Швейцариянинг UBC Group молиявий холдингининг ҳисоб-китобларига кўра, «Дориан» тўфони сабаб суғурта компаниялари 5 миллиард доллардан 40 миллиард долларгача зарар кўради. Флорида қирғоқларига ёпирилган тўфон суғуртачилар учун 25 миллиард долларга тушиши мумкин.

«Дориан» тропик тўфони 26 август куни Атлантика океанидаги Барбадос оролида пайдо бўлиб, уч кундан сўнг бўронга айланиб, Багам оролларига қадар етиб келган.