Нассауда яшовчи Шелла Филлипс 97 та итга бошпана берди. Шу йўсинда аёл ҳайвонларни Багама оролларига ёпирилган «Дориан» тўфонидан асраб қолди, дея хабар бермоқда Meduza.

Фото: Facebook / Chella Phillips

«Бу ақлсизлик ўтган оқшомдан бери давом этмоқда. Итлар тўхтовсиз сийиб, ёзиляпти. Нима бўлганда ҳам, улар менинг каравотимга тегмаяпти — унинг устига сакраб чиқишга бирортасининг ҳадди сиғмади», — деб ёзди Филлипс Facebook’да қолдирган постида. Бошқа фуқаролар эса итларни ташиш учун мўлжалланган саватларини бериб турган.

Фото: Facebook / Chella Phillips

Филлипс қўлидан келганича «меҳмонлари»га ғамхўрлик қилмоқда. Уйини сув босиб, электр таъминотидан узилиб қолгунича қўрқиб кетган ва касалманд итларни мусиқа ва мултфильмлар қўйиб бериб тинчлантириб турган. «Итлар ёки бошқа ҳайвонлар ташқарида қолиб кетса, қандай жон сақларди, ҳайронман. Бутун қалбим билан уларни ўйлаяпман», — деди Филлипс.

Фото: Facebook / Chella Phillips

Унинг қайд этишича, «Дориан» тўфонининг ёпирилиши уйсиз итларни қутқариш бўйича у бошлаган «The Voiceless Dogs of Nassau» ҳаракатига тўрт йил тўлган кунда юз берган. Филлипснинг сўзларига кўра, у ўтган давр мобайнида тахминан мингга яқин ҳайвонга кўмак берган.