Август ойининг сўнгги кунларида, айнан «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали ўтказилаётган вақтда Самарқанд шаҳрида ит ва мушукларга қарши заҳарланган сосискалар билан кураш олиб борилгани, аниқроғи, улар ўлдирилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Repost нашрининг ёзишича, сўнгги бир ҳафта давомида Самарқандда юзлаб ит ва мушуклар ўлдирилган бўлиши мумкин.

Блогерлар ва жамоатчилик фаоллари Самарқанддаги ушбу ҳолатни «ақлга сиғмас шафқатсизлик» деб атади ва бу мамлакат имиджига кескин салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Telegram’даги «Журнализд» канали муаллифи:

«Соф инсоний нуқтаи назардан буни изоҳлаб бўлмайди. Изоҳлашдан маъно ҳам йўқ. Айбдорларни, шундай қилинглар деб буйруқ берганларни ҳеч қанақасига тушуниб ҳам бўлмайди. Самарқандга машшоқларни йиғишди, олийнасабларимиз билан бирга суратларга тушиши учун хориждан блогерларни олиб келишди. Бу яхши, бу мамлакат имиджига қўшимча 10 балл ва энди долларлар дарё бўлиб оқади, дегани.

Айни вақтда сал кенгроқ фикрлаш қобилияти мавжуд эмас. Instagram’даги қадимий гумбазлар фонида олинган видео ва фотолар салоҳиятли бир харидорни кўҳна шаҳарга саёҳатни сотиб олишга кўндириши мумкин. Бироқ кўчаларни ҳайвонлардан тозалаш акс этган бир дақиқалик видео кишида бир умрга нафрат уйғотади.

Ушбу заҳарлашни уюштирган ярамас кимсалар ҳайвонларга нисбатан бундай муносабат мамлакат обрўсига қанчалар зарар етказиши, тараққий этган мамлакатлардан келадиган туристлар оқимига қанчалик салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини англаб етиши амри маҳол. Икки кун аввал улар учун тайёрланган ялтироқ кўргазмалардан завқ-у шавққа тўлган хорижий журналист ва инфлюенсерлар ким билан ишлаётганликларини энди англаб етганларига ишончим комил.

Бу — энг кучли антиреклама. Яққол кўриниб турибди»

Telegram’даги «Город говорит» канали муаллифи:

«Августнинг сўнгги кунларида Самарқандда гўзал куй-қўшиқлар садоси остида, жаҳон ҳамжамиятига очиқлик, демократик қадриятларнинг муҳимлиги ҳақидаги нутқлар жўрлигида, салютлар фонида шундай шавфқатсизликлар амалга оширилганига ишониш қийин...

Шаҳарда уюшган ҳолда ҳайвонларни — кучук ва мушукларни ўлдиришган. Уйсиз, ҳой деб чақирсанг ва «гўштли» нарсанинг ҳидига югуриб келадиган ва, «Истиқлол» ҳамда «Баҳор» маҳаллаларида бўлгани каби, дарвозани тақиллатсанг вовуллаб жавоб қайтарадиган ҳайвонларни ўлдиришган — ушбу маҳаллаларда заҳарланган сосискаларни дарвоза остидан ёки девор устидан отиб ташлашган.

Ҳайвонлар талвасага тушиб, аянчли ангиллаб, 15 дақиқада ўлаверган. Айримларнинг фикрича, йўлда машиналар уриб ўтишга обдон ҳаракат қилган ҳув ўша ит ҳам аслида ўлимолди талвасасида шаҳар бўйлаб югуриб юрган. Қутуриш — бу ҳокимият ва унинг жойлардаги масъул ижрочиларининг қўлидан келадиган ноинсоний шафқатсизлик йўлида бир баҳона, бир оқлов, холос.

Юз берган воқеа даҳшатли даражада қўрқинчли. Унинг ўтган йиллар давомида одатий бир ҳолга айланиб қолгани янада даҳшатлироқ. Болаларнинг дайди ит ё уйсиз мушукка тош ё чўп отиши, катталарнинг: «Қоч, тегма, у ифлос/қутурган, тишлаб олмасин тағин!», деб бақириши одатий ҳол.

Ўзбекистондаги қутуриш — бу кўчага улоқтирилган собиқ уй ҳайвонларига эмас, балки ўлдириш ҳақида қарор қабул қиладиган, ўйлаб ўтирмай буйруқни бажарадиган ва ўзини чиндан «яхши иш қиляпман» деб ўйлайдиган одамларга тааллуқли гап.

Уйга келганингизда, фарзандларингиз сиздан бугун ишда нима қилдингиз, деб сўраса, қандай жавоб берасиз? Қандай ухлайсиз, ушбу қўрқинчли ўлдиришларнинг барини қандай оқлайсиз? Сиз учун уларнинг сариқ чақалик бўлса-да аҳамияти борми ўзи?

Ушбу шафқатсиз ва ақлсиз заҳарлашларда ўз оила аъзоларини йўқотган самарқандликларга ҳамдардлик билдираман, дардингизга шерикман».

Кирилл Алтман (Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Комил Алламжоновдан видеоинтервью олган блогер):

«Умид қиламанки, бу ишни қилганлар шундай қилинглар деб буйруқ берганлар билан бирга дўзаҳда ёнади».

Хабар тўлидирилмоқда