Facebook маъмурияти лайклар ва билдирилган муносабатлар ҳисоблагичини яшириш имконини берувчи функцияни синовдан ўтказиш масаласини муҳокама қилмоқда, деб хабар беради Meduza.

Фото: Retaileres

TechCrunch нашри мутахассиси Жейн Манчун Вонг ижтимоий тармоқ ўзининг Android дастури учун лайклар ҳисоблагичини ўчириб қўядиган функция устида иш олиб бораётганини маълум қилгач, Facebook’ка изоҳ сўраб, мурожаат қилган. Вонг мобил дастур кодини ўрганаётиб, буни пайқаб қолган.

Фото: Twitter / Wongmjane

Унинг сўзларига кўра, ҳали тақдим этилмаган янги функция ёрдамида лайклар ва муносабатлар ҳисоблагичи пост муаллифидан бошқа ҳеч кимга кўринмайди. Постга лайк босган ёки муносабат билдирган фойдаланувчилар рўйхати ўз жойида қолади, бироқ уларнинг сони кўрсатилмайди.

«Лайклар ва муносабатлар ҳисоблагичининг пост муаллифидан бошқаларга яшириб қўйилиши фойдаланувчиларга ўз контентининг машҳурлиги ҳақида камроқ ўйлашларига ёрдам бериши мумкин», — дея таъкидлайди Вонг.