«Дарё» колумнисти анъанавий рукнда ўтган ҳафтада муҳокама қилинган асосий ижтимоий масалаларга тўхталиб ўтади.

Мустақиллик декларацияси ташаббускорларини биламизми?

Йигит ва қиз қаршиликларни енгиб турмуш қурса, қийин дамларда хайрихоҳ бўлган қариндошларини бутун турмуш давомида иззат-икром қилиб ўтишади. Бирор халқ озодликка эришишида қўллаган қардошларни умрбод бошига кўтаради. Бу сафарги мавзуимиз мустақиллик ҳақида.

Баъзилар «курашмай мустақил бўлдик», дейди, бошқалар, «йўқ, тинч курашлар орқали мустақилликка эришдик», дейди. Ҳеч кимни хафа қилгиси келмаганлар Қодирий, Чўлпон, Фитратларнинг курашлари мустақиллик учун курашнинг бошланиши эди, деб фикр ташлайди. Ҳар бири ўзича ҳақ. Аммо кўпчилигимиз 29 йил муқаддам июнь ойида 40 нафар депутат Ўзбекистон мустақиллиги декларациясини қабул қилиш ташаббуси билан чиққанини билмаймиз. Яқин тарихимиздаги нодир ҳодисалардан бири бўлганди у. Парламентдаги озчилик депутатлар ватан мустақил бўлиши лозимлигини бефарқ кўпчиликка уқтира олган эди.

Нима деб ўйлайсиз, бугун уларнинг жойи қаерда бўлиши керак эди? Бир йил кейинни кўра олган, Ўзбекистон Москвасиз ҳам ўзини бошқара олиши мумкинлигини парламентдаги сафдошларидан фарқли ҳолда вақтлироқ англаб етган 40 нафар депутат ҳозир қайси жойларда экан? 29 йил аввал уларнинг ёши ўртача 30-50 атрофида бўлса (инқилобий онг ҳар доим ёшларда бўлади), бугун 60–80 ни уриб қўйишди. Улар ҳақида нечтамиз биламиз? Ва қанчалик биламиз?

Шубҳа йўқки, улар юрт мустақиллигини дилдан истаган шахслар эди. Ва улар бугун давлат бошқарувида эмасликлари ҳам маълум. Бири четга кетган, бошқаси қамоқдан чиқди, яна бири барча лавозимлардан четлатилган. Қолганлари дунёдан ўтиб кетишган... Улар ҳақида ҳатто интернетда тузук-қуруқ маълумот йўқ.

Карим Баҳриев, шоир, журналист, бугун давлат ишида эмас. Эркин Воҳидов, Халқ шоири, дунёдан ўтди. Шуҳрат Нусратов, тадбиркор, уч йил олдин қамоқдан чиқди. Жаҳонгир Маматов, журналист, олим, четда яшайди. Ҳалима Худойбердиева, шоира, дунёдан ўтди. Самандар Қўқонов, тадбиркор, уч йил олдин қамоқдан чиқди. Нурали Қобул, ёзувчи, пенсияда ижод билан шуғулланяпти. Насрулло Саидов, четда яшайди. Менинг билганларим шулар. Яна 31 нафар депутатни эса танимайман, фаолиятидан, орзу-истакларидан бехабарман. Аммо билишим кераклигини биламан.

Уч йил аввал кузатганимиз раҳматли Ислом Каримов айтганидек, «тарихий хотирасиз келажак йўқ».

Ўқинг, фақат йиғламанг: энг қиммат Nexia 2 минг доллар. 15 дақиқада ўз номингизга ўтказасиз

Бир дўстим Тожикистонга бориб қайтди. Машина бозорини кўрган экан, таассуротларини сўрадим.

Фото: Google Photos

Ҳозир ҳам юртимизда кузовининг пасти занглаб чириган, чириб узилиб тушган, синиқ олд ойнаси скотч билан ямалган, баки тешиклигидан баклажкага бензин қуйиб, шланг билан моторга тўғридан тўғри уланган, юрса эшиклари тушиб кетадиган «Москвич 412» машиналарини миниб юришади. Айниқса, қишлоқларда кимнидир тоби қочиб қолса, танлаб ўтирмай дуч келган машина жонига ора киради.

Тожикистондаги машина бозорини айланар эканман, кўзимдан ёш мўлдираб оқиб кетди. Машина ишлаб чиқарамиз, деб кўксимизга уриб юраверган эканмиз.

Бозорга қадам қўйишимиз билан ўзимизни Япония ёки Европада ҳис қилдик. Ахир у ердаги машиналарни фақат киноларда кўрганмиз. «Форсаж»даги машинаям бор. Лоф-қофи билан айтсам, трансформерларгача ҳам турибди.

Бизда кўчага чиқсанг, оқ машинага бошингни урасан. Тожикларда қора машинанинг бозори чаққон экан. Яна 100 фоизли тонировкаси билан. Айтишларича, уларда ҳам ойналарни қорайтириш пулли бўлиб, 200 доллар атрофига тўғри келаркан. Барибир, биздан арзон, деб қўйдим.

Германиянинг Mercedes Benz, Opel, Volkswagen; Кореянинг Hyundai, Kia маркаларидаги машиналари олдида ўзимни тутолмай, эгалари мийиғида кулса ҳам бир-иккита селфига тушдим.

Бир ўзим ёш тўкканим бас. Уларнинг нархларини айтаман, қўлингизга рўмолча олволинг.

BMW Х5, Mercedes’нинг охирги версиялари, Hyundai Sonata, Opel Astra, Kia алланималар 5 мингдан 25 минг долларгача турибди. Армияда берадиган этикка ўхшаш катта-катта машиналар, масалан Range Rover, Land Cruiser деганлари 30–35 минг «кўки». Майли, бу машиналар арзон бўлса ҳам биз учун қимматлик қилади. Уларга сўлагим оқиб, арзонроқ, йили эскироқ машиналар томонга аранг юрдим. Ўзимиздаги Tracker, Orlando’га ўхшаш оилавий машиналарнинг бозори чаққон экан улардаям. 5–6 киши бемалол сиғадиган юкхонасиям кенггина, йили эскироғ-у, лекин кўп минилмаган ҳақиқий оилабоп машиналар 5–6 минг доллар атрофида.

Сал юриб янаям арзонроқ машиналарни кўрдик. Таниш машиналар.

Бизда ҳали ҳам тўкислик белгиси бўлган Nexia’лар турибди. Фақат уларники тоза «корейский». Нархлари 800 дан бошланиб, энг зўрлари 2 минг долларгача экан.

Бунданам даҳшати олдинда экан: «Ваз 2107»ларни кўриб қон босимим кўтарилди. Ахир, 200 доллар ҳам бўладими? Бизда бу пулга зўр велосипед беради.

«Тожик қўшниларимиз умуман пиёда юрмас экан-да», деб қўйдим. Бизда шундай қилинса, кузови тешик, ойнаси скотчланган «Москвич»ларимизни сўйиб, кузовини пақир, ғилдирагини аравача ясовчиларга бериб юборардик. Афсуски, бунинг иложи йўқ-да. Чунки биз автомобиль саноатига эга давлатда яшаймиз ва буни бошқаларга билдиришимиз керак.

Тожикистон машина бозорида яна кўп қизиқ ҳолатларга гувоҳ бўлдим. Бизда машина олмоқчи бўлсангиз, яқин дўстингиз, ҳайдовчи қайноғангиз ёки поччангиз, тажрибали уста ва қитмир даллол билан бориб машинани текшириб оласиз. Сотувчидан «суяги бутунми?», «юмаламаганми?», «краскаси тозами?», деб ижикилаб сўрайсиз.

Улар машина олди-сотдисида умуман бўёғини сўрамас экан. Мотори яхши бўлса, қўлни ташлайвераркан. Энг қизиғи, савдо бўлиши биланоқ харидор, машина ҳужжатлари ва ўзининг фуқаролик паспортини олиб, бозорнинг бир четидаги кичкинагина будкага обораркан-да, 200 сомоний (бизнинг пулга 200 минг) тўлаб, 15 дақиқада ўзини номига ўтказиб оларкан. Эгаси туриши шарт эмас экан, ҳужжатларни бергани, пулни тўлиқ олгани ҳисобланаркан. Шуниси сал хавфлироқ экан. Ёки Тожикистонда машина ўғриси йўқмикан-а?

Бизда-чи? Нотариусга бор, турнақатор навбат кут, навбат келганда ёздир, тўловларни банкка бориб тўла, квитансиясини яна нотариусга олиб кел ва кўрсат, кейин олди-сотди шартномасини расмийлаштир, сотаётганнинг хотинини ёки эрини олиб келиб, нотариал ходимнинг гувоҳлигида унинг розилигини ол, кейин олувчи ва сотувчини бармоқ изларини сканер қил, кейин номига расмийлаштириб бер, давлат рақами олиш учун қайта-қайта ГАИ МРОга қатна (уффф, чарчаб кетдим). Қийин, ҳа қийин, лекин ҳаммаси «чёткий» бизда, шартномадан кейин на олувчи ва на сотувчи чурқ этиб оғиз очолмайди. Чунки ҳоли қолмайди.

Мавзуга алоқаси бўлмаса-да, яна бир ажабланарли ҳолатни кўрганимни айтиб берай.

Тожикистоннинг Хўжанд вилояти Конибодом туманидан Хўжанд шаҳрига қараб кетар эканмиз, йўлнинг бир қисмидаги 10 километр масофада Қирғизистон билан чегара ҳудуд бор экан. Қирғизистоннинг Баткен вилояти чегарадош эканлигини билардим-у, лекин бунчалик яқинлигини билмас эканман. Катта йўлнинг ярми Тожикистон, ярми Қирғизистон, ҳеч қандай сим тўсиқ ёки чегарачи йўқ. Фақатгина чегарани ажратиб турадиган қалин чизиқ бор холос. Тожиклар чизиқнинг у томонидаги қирғиз дўконларига савдо қилиш учун ўтса, қирғизлар чизиқнинг бу томонига мева-чева олиш учун бемалол ўтиб юрибди. Худди Европадагидек.

Кечагина «Сўх–Риштон йўли очилди» дейишди, очилмади. Нега бизнинг Сўх ва Шоҳимардонда шундай қилинмайди? Ахир улар ҳам Баткен вилояти билан чегарадош-ку. Қирғиз биродарларимиз тожиклар билан келишганидек, биз билан ҳам келишиб, шу анклавимизда яшайдиган фуқароларимизга озгина йўл беришса, нур устига аъло нур бўлармиди.

Шунақа гаплар. Қўшниларимиз, жа Америкачалик бўлмаса ҳам, ўрганса арзийдиган тарафлари бор экан.

Сарвар уста

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

Аввалги ҳафта ижтимоий муаммолари:

Давлатнинг жунига шахсий жунингни аралаштирма

Ўзингникидан узр, бегонага қонун

Ширин қовунлар мамлакати

Қани, блогерлар, ёппасига кўча тозалашга!

Харобадан қўрқинчли муждалар

Уники оқ, меники эса оппоқ

Афанди қўйига кўзойнак таққани ҳақида

Бойга - доктор, камбағалга - дуо

Сервантдаги «огнетушитель» ва чаккага тақилган тиш чўткаси

Ёлғончи блогерлар ва энг арзон нарса

Ёрдам берманг, ўзим тураман