Кимгадир ёқиш-ёқмаслигидан қатъий назар, биз барибир таққослайверамиз. Одамнинг табиати шундай ўзи. «Чойхона суҳбатлари» даври ўтиб, очиқ мунозаралар пайти келгани ҳам рост. Журналист Раҳимжон Маҳкамов – янги Ўзбекистон ҳақида.

«Олдин» ва «кейин». Вақт шу икки туркумга ажралган. Истаймизми-йўқми, сўнгги йилларда рўй берган воқеаларга бўлган очиқ муносабат шу нуқтаи назардан баҳоланади ва Ўзбекистон тарихини ёзаётган одам учун даврлар чегарасини ифодаловчи сана мамлакатимизда Мустақиллик байрами нишонланадиган кун билан деярли мос тушади. Лекин энди нафақат 1991 йилга, балки 2016 йилга ҳам мурожаат қилинаверади. Чунки биз уч йилдан буён тамомила бошқа мамлакатда яшаётганимиз ҳаммага ойдек равшан. Бошқа деганда номи эмас, моҳияти назарда тутилмоқда, албатта.

Фото: ЎзА

Уч йил. Тарихан олиб қараганда бу ҳатто лаҳзадан ҳам кичик муддат. Шу нуқтаи назардан хитойлик сиёсатчи Чжоу Эньлайнинг 1789 йилдаги фаранг инқилобининг башарият тақдирига кўрсатган таъсири борасидаги жавоби ёдга тушади. Ўшанда у «бундай баҳони бериш учун ҳали жуда кам вақт ўтди», деган эди. (Ўша пайтда мазкур инқилоб содир бўлганидан  буён «қандайдир атиги» бир ярим аср ўтганди).

Бизнинг ҳам яқин ўтмишимизга баҳо бериш учун ҳали жуда кам вақт ўтди. Бу ҳали қайта-қайта мулоҳаза қилинадиган мавзу. Баҳс ва мунозаралар орқали ўзимиз ва авлодларимиз (катта нарса олисдан яхшироқ кўринади) миллий тарихимизнинг давлат раҳбарининг ўзгаришига олиб келган замонларига кўп йиллардан кейин ҳам қайта-қайта мурожаат этаверамиз. Бироқ «унгача» бўлган замоннинг «ундан кейинги» замон билан ер билан осмонча фарққа эга бўлиши ҳозирданоқ кундек равшан бўлиб қолди. Ҳозирги давлат раҳбарига иқтисодиёт, ижтимоий ҳаёт, ташқи алоқалар ва ҳоказолар билан боғлиқ бўлган кенг кўламли тузилмавий ва институционал муаммолар гулдастаси мерос қолгани ҳам аниқ кўринмоқда. Вазият амалда шундай эдики, қаёққа қарама – ислоҳотга муҳтожлик сезилмоқда эди.

Мамлакат жадал ривожланаётган бўлганида, уч йил аввал ҳеч ким шунчалик кескин ўзгаришлар зарурияти ҳақида гап очмаган ҳам бўларди. Ҳеч ким бунга киришмаган ҳам бўларди. Ҳаммаси ўз маромида давом этаверарди, чунки кескин ўзгаришларга эҳтиёжнинг ўзи бўлмасди. Йўналишни ўзгартирмаслик кераклиги ҳақидаги гап-сўзларни эса фақат De mortuis aut bene aut nihil, …aut bene aut nihil тарзида янграйдиган қадимий ҳикмат нуқтаи назаридан қаралиши мумкин. Яъни бу ибора «ёки фақат яхшисини, ёки ҳеч нарсани», деган маънони англатади.

«Гача» пайтларда эришилган натижалар ичида, шубҳасизки, эски совет тузумидан қутилганимиз, мамлакат «декоммунизация» қилингани (ва гарчи бу нарса баъзан большевикларга хос усуллар билан амалга оширилган бўлса-да, буни яширишга ҳожат йўқ, менимча) кабиларни айтиш керак. Шунга қарамай... Ўзбекистоннинг биринчи президенти тарихнинг совет даврини ёдга солувчи ҳар қандай рамзларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлган ва уларга мурожаатни СССРни соғиниш сифатида қабул қилиб, муайян даражада, бу ҳатто давлат суверенитетининг асосий тамойилларига нисбатан ғоявий тажовуз деб ҳам баҳолаган. Ислом Каримов ҳар қандай шакл ва кўринишдаги мустамлакачилик замонасига қайтмаслик шарт, деб ҳисоблаган! Ҳаттоки хаёлда ҳам! Ўзбекистонни совет режимидан халос қилингани унинг энг асосий тарихий хизматларидан биридир. Фақат халос бўлишга бўлдикку, лекин... ёки ўйлаган нарсамизни қура олмадик, ёки қурганимиз бошқа нарса бўлиб чиқди.

Фуқаролик жамияти ҳам, демократик институтлар ҳам, бозор иқтисодиёти, маъмурчиликдаги шаффофлик масаласи ҳам узоқ вақт мобайнида декларация ва декорациялар даражасида қолиб кетаверди. Иқтисодий турғунлик, илдиз отган коррупция, биқиқлик, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинлигининг аҳволи борасида бизни фақат энг эринчоқ одамларгина танқид қилмади холос. Мамлакатнинг ривожланганлик даражасини таснифловчи бирор халқаро рейтингда бирор марта Ўзбекистонга муносиб ўрин эгалламаганмиз. Шундай эмасми?

Ҳозирги давлат раҳбари мамлакатни йиғилиб қолган муаммоларга нисбатан тик қарата бошлади ва ўша пайтда жамият талаб қилаётган масалаларга мос келувчи ҳамда Ўзбекистон учун мисли кўрилмаган даражадаги очиқлик ва ошкоралик билан ажралиб турувчи тамомила янгича кун тартибини таклиф қилиб чиқди. Ҳукумат ва аҳоли орасида мулоқот ўрната бошлади. «Юқоридагилар» энг «қуйидан» чиқаётган овозларни эшита бошлади. Хорижда ишлаётган «дангаса ва ишёқмаслар» яна ўзимизникиларга айланди, қўшни давлатлар эса яна қардош ва ҳамкор мамлакатлар деб эътироф этилди. Болалар меҳнатига барҳам берилди, бюджет ташкилотларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш тақиқланди. Матбуот жонланмоқда, тадбиркорлик рағбатлантириляпти, инвестициялар жалб қилинмоқда, сайёҳлик соҳаси ҳам янги даражага кўтарилмоқда ва унга миллий иқтисодиётимизнинг ўзига хос локомотиви бўлиш вазифаси юклатилмоқда. Ҳаммасини ҳам санаб ўтолмайсан. Беш йил аввал биз хорижда ўқиш ва/ёки даволаниш учун «қарийб» 500 доллар пулни валютага алмаштирамиз деб банкларнинг дарвозаси олдида кечалари тунаб қолишга мажбур эдик ва шармандали жараёнлардан ўтишимизга тўғри келарди (ёддан чиқармадингизми?). Ҳозир биз банкка кирарканмиз, бизни «Ҳурматли мижоз!» деган сўзлар билан кутиб олишяпти ва биз ўзимизни бошқа одам сифатида ҳис қилмоқдамиз. Шунингдек, Давлат хизматлари маркази, прокуратура ва бошқа ташкилотларга мурожаатда ҳам. Ҳаммаси бошқатдан шакллантирилмоқда. Ахир бу бошқа мамлакат эмасми? (гарчи жадаллик ҳаммага ҳам ёқмаётган бўлса-да)

Уч йил олдин мамлакат бир савол қаршисида қолганди: энди нима бўлади? Мамлакат ўзгаришларни кутганича янги умидларга чўмди. Шавкат Мирзиёев ташаббуслари (тиббиёт ва таълимдаги ислоҳотлар, чегараларнинг очилиши, халқ қабулхоналарининг ташкил этилиши ва ҳ.к.) унга аҳолининг юксак ишончи ва жамиятнинг катта қўллаб-қувватлашини тақдим этди. Бу эса, ўз навбатида, унга янги мотивация, янгиланиш ва тараққиёт сари мотивация берди. Мамлакат руҳан кўтарилди! («ҳукумат алмашгач, мамлакат дивандан турди», дейилганди ўшанда ўткир иборалар билан).

2017–2021 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегияси Ўзбекистоннинг янгича ички ва ташқи сиёсати трендларини ўзида намоён қилди ва уларнинг амалга оширилиши асносида мамлакатимизнинг янада жозибадор бўлган тамомила янги қиёфаси шаклланди. Бизга бутун дунёни ҳайратга солаётганимиз ёқиб қола бошлади ва дунё ҳамжамияти ҳам Ўзбекистондаги инновацияларга юқори қизиқиш билан қарай бошлади. Бизга кўпроқ ишона бошлашди, лекин танқид ҳам камайгани йўқ. Чунки бунинг учун ҳали сабаблар бор.

Чунки кўрилаётган чоралар (баъзан унча ишончли бўлмаган) доим ва ҳар сафар кутилган натижани беряпти, деб айтиш катта муболаға бўлган бўлур эди. Ҳа, ҳар сафар ҳам кутилган натижа бўлаётгани йўқ. Ҳа, муаммолар ҳали бор (биз уларни очиқ тан оляпмиз ва муҳокама қиляпмизку?!). Ҳа, хатоларсиз бўлмаяпти, лекин сиз қандай бўлишини кутгандингиз? Шу даражада катта миқёсли ислоҳотлар шароитида хатоларни четлаб ўтишнинг имкони йўқ ва баъзи қарорларни кейинчалик қайта кўриб чиқишга тўғри келмоқда. Бироқ, маълумки, фақат ишламайдиган одамгина хато қилмайди. Шу ўринда, тармоқда айланиб юрган яна бир гап ёдга тушади. Донишманддан сўрашибди: «ўзгаришларни яна қанча кутиш мумкин?». Донишманд жавоб қилибди: «агар кутиладиган бўлса, жуда узоқ кутиш мумкин».

Мана шунақа, уч йил муқаддам бизда кутиш учун вақт аллақачон қолмаганди. Мамлакат жар ёқасига келиб қолганди ва бу ҳақида биз фақат пичирлаб гапира олардик, холос. Энди эса бу ҳақида баралла айта оляпмиз. Бу олдинга ташланган қадам эмасми?

Шу билан бирга, биз муаммоларимизга кўз юмаётганимиз йўқ. Хўш, айрим ижро ҳокимияти вакилларининг ислоҳотларга соя солувчи ва фуқароларнинг конституцион ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилувчи хатти-ҳаракатларига нисбатан мавжуд суд тизими ва жавобгарликка тортиш масаласининг қатъий эмаслиги сингари муаммоларнинг ечими бугун жамиятни қаноатлантиряптими? Биз коррупцияни узил-кесил йўқ қила олдикми? Парламентнинг лаёқатини ошира олдикми? Иқтисодиётдаги идоравий ва/ёки уруғ-аймоқчиликка асосланган лоббизмдан халос бўлиб, бозорнинг ҳар бир сегментида иштирокчилар учун тенг рақобат муҳитини ярата олдикми? Ишсизлик тугатилдими? Таълим сифати кўтарилдими? Бу муаммолардан кўпининг ечими учун уч йил етарли эмас, демакки, ҳали кўп иш қилиш керак. Мамлакат эса давлат раҳбари томонидан эълон қилинаётган, жамиятга янада  янги илғор қадамлар учун туртки берадиган янги импульсларни кутмоқда.

Энг асосийси, хатолар, муаммолар ва танқидлар бизнинг ўзгаришларга бўлган умумий кайфиятимизни тушириб юбормаслиги лозим. Ислоҳотларга тўғаноқ бўлаётган уруғ-аймоқчилик ва коррупцияга қарши курашимизни ҳам сусайтириб юбормасин. Амалдорларнинг шахс манфаатлари ва конституцион ҳуқуқларини писанд қилмасликлари билан боғлиқ ўзбилармонликларига қарши кайфиятимизни ҳам туширмасин. Шунча йиллик биқиқликдан кейинги, глобал ижтимоий-иқтисодий тараққий этган ҳамжамият билан яқинлашувга бўлган кайфиятимизни ҳам тушириб юбормаслиги керак. Айнан шу нарса, яъни ҳеч нарсага қарамай, қадамма-қадам равишда бош мақсадимиз сари илдамлашда давом этаётганимизни ҳис қилиш «ундан кейинги» замоннинг энг асосий белгиси бўлиб қолмоқда.

Сўнггиси: уч йил муқаддам Шавкат Мирзиёев давлат бошқарувида эски тамойилларни сақлаб қолишга асосланган бошқа йўлни танлаши ҳам мумкин эди. Бу қандай оқибатга олиб келиши мумкинлигини эса ўйлашни ҳам истамайди одам. Айниқса, биз аллақачон, уч йилдан буён бошқа мамлакатда яшаётганимиздан кейин...

Ким нима деса десин ва нима деб ўйласа ўйлайверсин-у, шу ўтган уч йил мобайнида мамлакатимиз олдинга жуда катта қадам ташлади. Буни инкор этиш учун эса сўқир бўлиш керак.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.