Россиянинг Свердловск вилояти Филькино посёлкасида Каква дарёси устидан ётқизилган понтон кўприк фойдаланишга топширилганидан икки кун ўтиб қисман бузилиб кетди, дея хабар бермоқда Meduza.

Фото: «ВКонтакте» / Анастасия Пристав

Филькинолик Анастасия Приставнинг ижтимоий тармоқда қолдирган хабарига кўра, посёлка аҳолисига 31 август куни кўприкдан фойдаланишга рухсат берилган, 2 сентябрь куни эса иншоот бузилиб кетган. «11:30 да мактабга кетаётганимизда ҳаммаси жойида эди. Соат 12:00 ларда мактабдан қайтаётсак, мана бундай ‘мўъжиза’!.. Болам мактабдан қайиқда қайтди», — деди Пристав «Глобус» нашрига берган интервьюсида.

Фото: «ВКонтакте» / Анастасия Пристав

Филькинонинг ҳам ўз ичига оладиган Серов шаҳар округи раҳбари Василий Сизиковнинг маълум қилишича, кўприк унга хода келиб урилиши оқибатида бузилиб кетган. У кўприк бир кеча-кундузда таъмирлаб бўлинишини, айни вақтда иншоот расман фойдаланишга топширилмаганини маълум қилди.

Фото: «ВКонтакте» / Анастасия Пристав

Филькинодаги аввалги кўприк 2017 йили, «Камаз» юк машинасининг оғирлигини кўтара олмай қулаган эди. Оқибатда Какванинг ўнг қирғоғида яшовчи беш оила ташқи дунёдан узилиб қолган. Уларга дарёни кечиб ўтиш учун қайиқ ажратилган. Маҳаллий маъмурият Филькинода янги кўприк қуриш мақсадга мувофиқ эмаслигини таъкидлаган эди.

2019 йил май ойида суд амалдорларга Какванинг ўнг қирғоғидаги аҳоли билан посёлканинг қолган қисми ўртасидаги алоқани таъминлаш мажбуриятини юклади. Филькинода кечув йўқлиги муносабати билан Тергов қўмитаси совуққонлик моддаси бўйича жиноят иши очди. Кейинроқ шахсан Свердловск губернатори Евгений Куйвашевнинг ўзи кўприк қуриб беришни ваъда қилган эди.

Филькино аҳолисининг ўзи июль ойида тахталардан кўприк ясаган эди. Қурилган иншоот икки ҳафтадан сўнг қулаб, сувга ғарқ бўлган.