Repost нашри Самарқандда ҳайвонлар бир гуруҳ шахслар томонидан мақсадли равишда оммавий заҳарланганини тасдиқловчи видеони эълон қилди.

Маълум бўлишича, 29 август куни номаълум шахслар «Истиқбол» маҳалласидаги ит боқиладиган уйларнинг эшиклари тагида каламуш дори билан заҳарланган сосискаларни ташлаб кетган. Маҳалладаги 25 хонадон жойлашган битта кўчанинг ўзида 10 та ит заҳарлаб ўлдирилгани айтилмоқда.

Шаҳар аҳолисининг маълум қилишича, итларни оммавий заҳарлаш тадбирлари шаҳарда айни «Шарқ тароналари» халқаро фестивали ўтказилаётган вақтда юз берган. Каламуш дори суртилган сосискаларни еган итлар кейинчалик қийналиб ўлгани айтилмоқда.

Аввалроқ, 28 август куни Самарқандда машиналар бир итни уриб кетишга уринаётгани, сўнг ички ишлар органи ходими итга тош ва ғишт отаётгани акс этган видеолар тарқалган эди. Самарқанд расмийлари ушбу ит 15 кишига ташлангани, у қутурганликда гумон қилингани, шунинг учун уни йўқ қилишга қарор қилингани ҳақида хабар берганди.

«Бироқ воқеанинг уч нафар гувоҳи ва шаҳар аҳолисининг сўзларига кўра, аслида ит заҳарланган бўлган ва талвасада шаҳар бўйлаб дайдиб юрган», — деб хабар бермоқда Repost. Интернет-нашрнинг қўшимча қилишича, Самарқандда ўтган бир ҳафта давомида бир неча юзлаб ит ва мушуклар ўлдирилган.