Самарқанддаги итлар муаммоси — сўнгги ҳафтанинг асосий муҳокама мавзуларидан бири бўлиб турибди. Аввалига бир неча машина бир итни босиб кетишга уринаётгани акс этган видеоёзувлар тарқалган эди. 2 сентябрь куни эса Repost нашри бир гуруҳ шахслар Самарқанд шаҳри маҳаллаларида итларни каламуш дори суртилган сосиска билан заҳарлаб ўлдириш билан шуғулланаётгани ҳақида видеохабар эълон қилди.

Вазиятга аниқлик киритиш мақсадида «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев видеоёзувда кўринган «Истиқбол» маҳалласида бўлди, шунингдек, Самарқанд шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими, Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ва Самарқанд вилояти ИИБ вакиллари билан суҳбатлашди.

«Маҳаллада дайди итлар кўпайиб кетган эди»

«Истиқлол» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ўктам Ҳожиевнинг маълум қилишича, сўнгги вақтларда маҳалла ҳудудида олиб борилган «снос»лар туфайли дайди итлар сони кескин ошиб кетган.

Фото: Фарҳод Норбўтаев / «Дарё»

— Маҳаллада кўплаб уйлар «снос»га тушгани боис, дайди итлар кўпайиб кетди. Болалар кўчада ўйнай олмай қолди, одамларнинг тинчлиги бузилди. Фуқароларнинг мурожаатлари асосида дайди итларни тутиб олиш учун бир ой аввал Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармасига мурожаат қилдик. Бироқ бошқарма томонидан ҳеч қандай чора кўрилмади, — дейди Ўктам Ҳожиев.

Repost томонидан эълон қилинган видеода номаълум шахс дарвозани тақиллатаётгани, сўнг дарвоза остидан бир нарсани ичкарига киритиб юбораётгани акс этган. Нашрнинг аниқлик киритишича, шахс дарвозани тақиллатиб, уйда ит бор-йўқлигини текширган, ит югуриб келса, унга каламуш дори суртилган сосискани ташлаб берган. Дарвозаси видеога тушган фуқаронинг ити ҳақиқатан ҳам ўлган.

Фото: Фарҳод Норбўтаев / «Дарё»

Бироқ фуқаро маҳалла вакиллари билан ҳам, журналистлар ҳам мулоқот қилишни хоҳламай, уларни асосан ҳақорат қилиш билан вақт ўтказган. Лекин бир нарса аниқ — уни ити ҳақиқатан ҳам заҳарланиб ўлган.

«10 та ит ўлмаган. Фақат битта ўлган»

Repost эълон қилган видеода Самарқанд шаҳрида ўтган бир ҳафта давомида юзлаб мушук ва итлар заҳарлаб ўлдирилгани, биргина «Истиқбол» маҳалласининг 25 хонадон жойлашган бир кўчасида 10 та ит заҳарлангани таъкидланган эди. Самарқанд шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими раҳбари Ойбек Алламуродовнинг сўзларига кўра, 10 та эмас, фақат битта ўлган.

Фото: Фарҳод Норбўтаев / «Дарё»

— 29 август куни мутахассислар «Истиқбол» маҳалласидаги итларни эмлаш учун келган. Аксарият итлар эмланган. Интернетда ёзилганидек 10 та ит заҳарлаб ўлдирилмаган. Битта ит ўлган. Аслида бизнинг ташкилот итларни ўлдирмайди. Бунга ҳаққимиз йўқ. Биз уйма-уй юриб, итларни эмлаш билан шуғулланамиз. Бизга ҳеч ким «итларни ўлдир», деб буйруқ бермаган, — деди Ойбек Алламуродов.

Эътиборга молик томони, видеога тушган хонадондаги итга каламуш дори суртилган сосискани ташлаган шахс кимлиги ҳам маълум бўлди — у Самарқанд шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимида ишлайди. У «Дарё» мухбири билан суҳбатда видеодаги одам ўзи экани, итга заҳарланган сосиска ташлаганини тан олди. Бироқ нега бундай қилганини тушунтириб бера олмади.

«Агар итни тута олмасак, заҳарлаб ўлдирамиз»

Самарқанд шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ўнлаб итлар ўлдирилганини рад этган бўлса, Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармасининг ит овлаш бригадаси ходими Жаҳонгир Пирматов ўндан ортиқ ит заҳарлаб ўлдирилганини тан олди. Айни вақтда маҳаллаларда ўлдирилган итларга бошқарманинг алоқаси йўқлигини таъкидлади.

— Итларни заҳарлаб ўлдириш қабристон, далага ўхшаш кенг жойларда амалга оширилади. Бундай жойларда итларни тутиб олиш қийин. Шунда уларни заҳарланган озиқа билан йўқ қиламиз. Бошқа иложимиз йўқ. Агар ҳайвон озиқани емаса, уни қайтариб олиб қўямиз. Кўча ва хиёбонлардаги итларни эса ушлаб, сақлаган ҳолда аста-секин йўқ қиламиз, — деди Жаҳонгир Пирматов.

Унинг таъкидлашича, «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали олдидан Регистон майдони атрофи, Шоҳи Зинда ва Хўжа Дониёр мақбаралари атрофидаги 10—15 та дайди ит заҳарлаб ўлдирилган. Хонадонларда яшайдиган, эгаси бор итларга тегилмаган.

Қайд этиш жоиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июлдаги 202-сонли қарорига кўра, ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимларининг тақдимномаси бўйича қаровсиз қолган, шу жумладан эгасиз ва касал ҳайвонларни қутуриш жойларида, қутуриш касаллиги кўп учраши хавфи бўлган эпизоотик ҳудудларда отиб ташлашни ташкил этиш ИИВ зиммасига юклатилган. Аммо ҳайвонларни заҳарлаб ёки уриб-қийнаб ўлдириш мумкинлиги ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Итни заҳарлаб ўлдирган шахсга қонуний чора кўрилади

Самарқанд вилояти ИИБдан «Дарё»га маълум қилишларича, Repost томонидан эълон қилинган видеода ити бор хонадонга заҳарланган сосискани ташлаган шахсга қонуний чора кўрилади. Юқорида таъкидланганидек, унинг кимлиги маълум — шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ходими.

Шу ўринда қайд этиш жоиз, Самарқанд шаҳрида ҳақиқатан ҳам дайди ва қаровсиз итлар кўпайиб кетган ва бу муаммога вилоят ҳокими даражасида эътибор қаратилган. 2022 йили Самарқандда ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитига тайёргарлик кўриш масалаларига бағишланган 1 июль кунги йиғилишда ҳоким Эркинжон Турдимов дайди итларни ушлаб, уларни назоратга олиш бўйича топшириқ берган (заҳарлаб ўлдир демагани табиий).

Бироқ, «Дарё» мухбирининг аниқлашича, Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси томонидан дайди итларга қарши кураш бўйича зарур чоралар кўрилмаган. Кўра олмасди ҳам — Ободонлаштириш бошқармасида ит овлашга мўлжалланган фақат битта махсус Damas бўлган, у ҳам қарздорлик сабаб суд қарорига асосан жарима майдончасида бўлган. Фақат 25 августга келибгина Самарқанд вилоятини ободонлаштириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш жамғармасининг 183 миллион сўм маблағи эвазига бошқармага ит овлаш учун учта махсус Damas олиб берилган...