Google корпорацияси ўзининг Android мобил операцион тизими учун янги — ўнинчи версияни тақдим этди. Бу ҳақда Google ўз блогида хабар қолдирган.

Фото: Hi-Tech.Mail.Ru

Маълум қилинишича, янги операцион тизимда ҳар қандай аудио ва видеоёзувларга субтитр жойлаштириш имкони бор. Бундан ташқари Android’нинг ўнинчи версиясида «қоронғу режим»га ўтиш ва мобил дастурларга кирмасдан туриб, улардан келувчи хабарларни ўчириб қўйиш мумкин.

Android 10 эгилувчан экранли қурилмага мослаштирилган ва 5G’ни қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, унда хавфсизлик ва фойдаланувчиларнинг шахсий махфийлигига боғлиқ 50 га яқин янгилик мавжуд.

Ҳозирда янги операцион тизим Google Pixel телефонларига ўрнатиб бўлинди, йил охиригача эса бошқа қурилмага ҳам ўрнатиш имкони пайдо бўлади.

Маълумот учун, Google 2009 йилдан буён Android’нинг янги версияларини алифбо тартибида десерт ва ширинликлар номи билан атаб келади. 2018 йилда чиқарилган тўққизинчи версия Pig («Пирог») номини олган эди. 2019 йилнинг августида Google бу каби тизим бошқа давтлардаги фойдаланувчилар учун тушунарсиз бўлаётгани учун, сўнгги операцион тизимини шунчаки Android 10 деб атади.

Аввалроқ, Ўзбекистонда жисмоний шахсларга электрон шаклда хизмат кўрсатувчи хорижий ташкилотлар, хусусан, Google, Yandex, Alibaba, Netflix каби компаниялар учун қўшилган қиймат солиғини жорий этишни режалаштирилаётгани ҳақида хабар бергандик.